Яратилаётган имкониятлар экспортчи корхоналар сони ортишига хизмат қилмоқда

275

Юртимизда экспортчи корхоналарни молиявий ва ташкилий қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор имтиёзлар жорий қилинган.

Хусусан транспорт харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми, халқаро стандарт сертификатлари жорий этилганда, уларнинг тўловлари ҳам давлат томонидан қопланади. Халқаро кўргазмалар, ярмаркаларда тадбиркорлар иштирокини таъминлашда ҳам харажатларнинг маълум бир қисми тўлаб берилади.

Бундан ташқари, экспортчи корхоналар экспортга чиқаётган маҳсулотлар учун ягона солиқ ва фойда солиғидан озод этилган. Дейлик, бир корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотининг 30 фоизини экспорт қилса, ўша 30 фоиз маҳсулот учун фойда ва ягона солиқдан озод этилади. Экспортчи корхоналар учун яна бир солиқ имтиёзи бор. Уларга қўшилган қиймат солиғини қайтариб олиш имконияти яратилган.

Микрокредитбанк АТБ томонидан ҳам экспортчи корхоналарни жумладан, Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг лойиҳалари молиялаштирилиб келинмоқда.

Биргина 2024 йилда 150 та Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг 804,7 млрд. сўмлик лойиҳалари молиялаштирилиб, 1,97 млн. доллар миқдорида экспорт тушуми амалга оширилди.

Жорий йилда эса 330 дан ортиқ Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг 1,2 трлн. сўмлик лойиҳалари молиялаштирилиш режалаштирилган.

Мисол учун, 2024 йилда Қорақалпоғистон Республикасидаги “Xojeli un mahsulotlari” корхонасига айланма маблағни тўлдириш ва буғдой сотиб олиш учун 12 ой муддатга 600 минг доллар миқдорида кредит ажратилди. Бунинг натижасида 2024 йил давомида 1,8 млн. доллар миқдорида ун маҳсулотлари экспортини амалга оширди. Қувонарлиси, ушбу корхонада доимий ишчилар сони 65 нафарни ташкил этади.

Маълумот учун “Xojeli un mahsulotlari” корхонаси банкнинг молиявий кўмагида ташкил қилинган бўлиб, 2022-2024 йилларда 2,2 млн. доллар миқдорида кредитлар ажратилган. Айни пайтда корхонада буғдой қайта ишланиб, юқори навли ун маҳсулоти нафақат халқимиз дастурхонига, балки хорижга ҳам экспорт қилинмоқда. Корхона кунига 200 тонна ун маҳсулотини ишлаб чиқариш қувватига эга.

Банк томонидан экспорт билан шуғиллананиб, миллий маҳсулотларимизни жаҳонга олиб чиқаётган, бу орқали давлатимизнинг иқтисодий салоҳияти ортишига муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган тадбиркорларни имтиёзли шартларда молиявий қўллаб-қувватлаш давом эттирилади.

ЎзА