Индонезиянинг янги пойтахтида элчихоналар учун бепул ер ажратилади

194

Индонезиянинг янги пойтахти – Нусантара ижрочи директори Басуки Ҳодимулжоно хорижий элчихоналар учун бепул ер ажратиш таклифини илгари сурмоқчи, дея хабар тарқатди “Jakarta Globe” портали.

Бу ташаббусдан кўзланган мақсад хорижийликлар эътиборини жалб қилиш, давлатларни Нусантарада ваколатхона очишга ундаш, деган мулозим. Шу билан бирга Ҳодимулжоно якуний хулосани Президент Прабово Субианто чиқаришини ҳам таъкидлаган:

– Мен қарор қабул қилмайман. Элчихоналарни тезроқ очиш йўли сифатида Президентга таклиф киритаман, холос.

Дарвоқе, маъмурият дипломатик мажмуа учун аллақачон 62,9 гектар ер ажратган.

Нашр қайд этишича, агар ушбу лойиҳа маъқулланиб, текин ер берилса, хорижий элчихоналарни кўчириш тезлашади. Шу орқали Индонезиянинг халқаро алоқалари ҳам мустаҳкамланади.

Мазкур қадам ҳукуматнинг янги пойтахтни 2028 йилгача ишга тушириш режасига мос келади. Бундай сиёсат Нусантаранинг дипломатик марказ сифатидаги жозибадорлигини ошириши, глобал алоқалар мустаҳкамланишига ёрдам бериши мумкин.

2019 йил Индонезия Президенти Жоко Видодо Жакарта аҳолиси ҳаддан зиёд кўпайиб кетгани учун, пойтахт юкини енгиллаштириш мақсадида мамлакат маъмурий маркази Шарқий Калимантан вилоятининг ўрмонзор ҳудудига кўчирилишини эълон қилган.

С.Раҳимов, ЎзА