Навоий ижоди – беқиёс маънавий хазина

197

ФОТОРЕПОРТАЖ

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан “Навоий адабий мероси ва маънавий қадриятлар” мавзуида илмий-амалий конференция ҳамда адабий кеча бўлиб ўтди.

Анжуманда институтнинг ўзбек адабиёти кафедраси ўқитувчилари “Навоий ғазалларида оҳанглар уйғунлиги”, “Навоий ва ҳозирги давр”, “Ҳофиз Хоразмий ва Навоий асарлари тилининг қиёсий таҳлили”, “Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романида тарихийлик ва бадиийлик” мавзуларида маърузалар қилди.

Таъкидланганидек, шоирнинг бой ва серқирра ижоди нафақат ўзбек адабиёти, балки жаҳон адабиётида ҳам салмоқли ўринга эга. Навоий лирик, эпик ва фалсафий асарлари билан XV аср адабиётида чуқур из қолдирган.  Ҳозирги вақтда ҳам бутун дунё халқлари Навоий асарларини севиб ўқийди. “Хамса” достони Навоий ижодининг энг юксак чўққисидир. Бу асар ўзбек адабиётининг шуҳратини дунёга намоён этиб, жаҳон адабиётининг энг яхши намуналаридан бирига айланган.

Тадбирда Алишер Навоийнинг адабий меросини ўрганиш, қайта нашр этиш, халққа етказиш ишлари мустақиллик даврида юксак эътибор касб этгани алоҳида қайд этилди.

Талабалар томонидан шоир ғазалларидан намуналар ўқилди. Туркий тиллар факультетининг иқтидорли ёшлари ижросидаги Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди акс этган бадиий-адабий кўриниш барчага манзур бўлди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА