Хитой компанияси Қозоғистонда робот ишлаб чиқаришни йўлга қўяди

304

Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, Хитой ушбу қардош давлатда одамсимон робот ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш ниятини билдирган.

– Ҳамкорлик доирасида “AgiBot” компанияси робот ҳамда сунъий интеллект ечимларини ишлаб чиқариш ва жорий этиш бўйича қўшма корхона ташкил этишни режалаштирмоқда, – дейилган шу ҳақдаги баёнотда.

2023 йил февралда ташкил этилган, умумий мақсадли гуманоид роботлар яратиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур ХХР бренди сунъий интеллект, робототехника технологияларини фаол ривожлантирмоқда, саноатдан уй-рўзғор ишларигача, кенг кўламли иловалар учун роботлар яратмоқда. 2024 йил декабрь ойида “AgiBot” Шанхайдаги заводидан 1000 донага яқин “темир-одам” чиқарган.