Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишнинг замонавий механизмлари жорий этилади

175

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, яйловларни муҳофаза қилиш, улардан самарали ва оқилона фойдаланишни ташкил этиш, яйлов хўжалигини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш, соҳада бошқарувнинг ихчам ва самарали тизимини жорий этиш, чорвачилик хўжаликларининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини эътироф этиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тугатилади.

Ипакчилик қўмитасининг:

яйловларни бошқаришга оид вазифа ва функциялари – Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига;

пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасини ривожлантиришга оид вазифа ва функциялари – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда «Ўзбекипаксаноат» уюшмасига;

Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази – Ветеринария қўмитаси тизимига;

Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ва Ўзбекистон табиий толалар илмий-тадқиқот институти – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилади.

Ветеринария қўмитаси муассислигида давлат муассасаси шаклида Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё яйлов хўжаликлари;

Ветеринария қўмитаси марказий аппарати тузилмасида Яйлов хўжалигини ривожлантириш бошқармаси ташкил этилади.

Яйлов ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва уларни муҳофаза қилиш, қоракўлчилик, тери ва жун саноати соҳаларини янада ривожлантириш бўйича республика комиссияси ташкил этилади.

Комиссиянинг асосий вазифалари:

яйлов ерларидан самарали ва оқилона фойдаланишни ташкил этиш, қоракулчилик соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ушбу йўналишдаги тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

қоракулчилик соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш ҳамда бу борадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишга қаратилган чоралар кўриб бориш;

қоракўлчилик соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда яйлов озуқабоп экинлар уруғчилигини ривожлантиришга доир чора-тадбирларни белгилаш;

соҳа фаолиятини илмий асосда йўлга қўйиш, илмий-тадқиқотлар, инновацион ишланмалар ва селекция-наслчилик ишлари натижалари амалиётга кенг куламда жорий этилишини таъминлашдан иборат бўлади.

ЎзА