Самарқандда замонавий гимнастика маркази ташкил этилмоқда

Ҳар қандай спорт тури инсоннинг жисмонан соғлом, руҳан тетик бўлишига хизмат қилади. Айрим касалликларга чалинмаслик ёки хасталиклардан халос бўлиш учун ҳам спорт билан шуғулланиш тавсия этилиши боиси шундан. Гимнастика эса спорт турлари орасида барча ёшдаги кишилар ҳам шуғулланиши мумкинлиги, болаликдан кексаликкача соғлом турмуш тарзимизнинг бир бўлагига айлантирса бўлиши билан ажралиб туради. Шунингдек, олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган асосий спорт турларидан бири.
Юртимизда ҳам аҳоли ўртасида гимнастиканинг оммавийлигини ошириш, гимнастика спорт турларини ривожлантириш ва бу борадаги мусобақаларни мунтазам ўтказиб бориш, халқаро турнирларда муносиб иштирок этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил 23 декабрда қабул қилинган “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда ҳам мактабгача ёшдаги болаларнинг гимнастика спорт турлари билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиш, мактаблардаги жисмоний тарбия дарсларида гимнастика спорт турлари бўйича машғулотларни босқичма-босқич кўпайтириш, айниқса, қизлар ўртасида эрта ёшдан гимнастика спорт турларини оммалаштириш кўзда тутилган.
Мазкур қарор асосида мактабгача таълим ташкилотларида “Гимнастикага илк қадам” дастури, умумий ўрта таълим мактабларида бошланғич синф ўқувчиларига мўлжалланган, гимнастика спорт турлари бўйича спорт мактабининг бошланғич тайёргарлик гуруҳлари учун ишлаб чиқилган дастур асосида “Болалар учун гимнастика” дастури жорий қилинган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, боғча ёшидаги болаларни гимнастика билан шуғуллантириш орқали уларда ирода ва қатъиятлилик, ўзини тутиш каби ахлоқий ва жисмоний фазилатлар шакллантирилади. Мактаб ўқувчилари эса гимнастиканинг соғломлаштирувчи элементларидан фойдаланганда уларда тана тўғри ривожланиб, мушаклар эгилувчанлиги, чаққонлик сингари жисмоний сифатлар ошади.
Бугунги кунда Самарқанд вилоятида уч минг нафар спортчи гимнастиканинг бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, спорт акробатикаси ва трамполин турлари билан шуғулланади. Самарқанд шаҳрида вилоят спорт турларига ихтисослашган спорт мактаби фаолият кўрсатмоқда.
– Республикамиздаги гимнастикага ихтисослашган мактаблар орасида ўз муносиб ўрнига эга спорт мактабининг 18 нафар спортчиси Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий ва захира таркибига қабул қилинган, – дейди Ўзбекистон гимнастика федерацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси раиси Суҳроб Рафиқов. – Бундан ташқари, туман ва шаҳар спорт мактабларида гимнастика спорт турлари бўйича 20 га яқин бўлим фаолият кўрсатмоқда. Самарқандлик гимнастикачиларнинг 81 нафари Ўзбекистон, 6 нафари Осиё чемпиони, 2 нафари Осиё ўйинлари ғолиби, бир нафари жаҳон кубоги чемпиони ва совриндори бўлган.
Жумладан, гимнастика спорт турларига ихтисослашган спорт мактаби тарбияланувчиси Тахмина Икромова 15 йилдан буён бадиий гимнастика билан шуғулланиб келади. Фаолияти давомида Ўзбекистон, Осиё чемпиони, жаҳон кубоги, халқаро турнирлар ғолиби ва совриндори бўлган. Ўзбекистонда 2023 йилнинг энг яхши аёл спортчиси деб топилган. Яккалик ва жуфтлик йўналишларида Осиё ўйинлари ғолиби, “Париж-2024” олимпиадаси қатнашчиси. Тахмина 2024 йилнинг март ойида Францияда ўтказилган бадиий гимнастика бўйича гран-при мусобақасида олтин медални қўлга киритган.
Спорт мактабининг яна бир ёш бадиий гимнастикачиси, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Вилана Савадян ўтган йили Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. У айни пайтда Самарқанд шаҳридаги 51-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг 11-синфида ўқийди ҳамда гимнастика мактаби тарбияланувчиси.
– Вилана етти йилдан буён мактабимизда бадиий гимнастика билан шуғулланади, – дейди вилоят гимнастика спорт турларига ихтисослашган спорт мактаби тренери Мафтуна Шамсиева. – Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон ва Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиблигини қўлга киритган. Яқинда халқаро тоифадаги спорт устаси ҳам бўлди. Вилананинг асосий мақсади жаҳон чемпиони бўлиш ва биз бунинг учун биргаликда ҳаракат қиламиз.
Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарорига кўра, Нукус ва Фарғона шаҳарлари қаторида Самарқандда ҳам замонавий моддий-техника ва ўқув-машқ базасига эга бўлган ҳудудий гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил этиш белгиланган. Айни пайтда Самарқанд шаҳрида гимнастика марказини қуриш ишлари давом этмоқда.
Қурилиш масъулларининг маълум қилишича, биринчи босқичида гимнастика зали фойдаланишга топширилади. Ҳозир асосий ишлар деяри якунига етган. Кейинги босқичларда марказ учун ошхона ва ётоқхоналар қурилади, ҳудуд ободонлаштирилади. Марказ 2024/2025 ўқув йилидан фаолият бошлаши белгиланган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари





