Бокс тарихида янги саҳифа

201

Бокс бўйича Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида қорақалпоғистонлик спортчилар ҳам муваффақиятли иштирок этди.

Хусусан, -60 кг вазн тоифасида иштирок этган қорақалпоғистонлик Мадияр Данияров Ўзбекистон чемпиони унвонини қўлга киритган бўлса, аёллар ўртасида -60 кг вазн тоифасида Рашида Тагирова, -66 кг вазн тоифасида Айсанем Сарўарова кумуш, -63 кг вазн тоифасида Моҳира Aҳмедова, +81 кг вазн тоифасида Зарафшон Хожамбергенова бронза медалларини қўлга киритди.

Совриндор спортчиларимиз ва уларнинг мураббийлари Нукус халқаро аэропортида спорт вазирлиги раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Адилбек Алланазаров ва бошқалар боксчиларни эришган муваффақияти билан самимий қутлади ва келажакда бундан ҳам катта ғалабаларни қўлга киритишга тилак билдирди. Спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида юртимиз спортчилари, шу жумладан, боксчилар Осиё, жаҳон чемпионатларида ва Олимпия ўйинларида юқори натижаларни қўлга киритиб келаётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Aйниқса, ўзбекистонлик боксчиларнинг ютуқлари бугун дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Ушбу чемпионатда Қорақалпоғистон бокс тарихида янги саҳифа очилди. Охирги марта 2005 йилда Aлибек Крабоев катталар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлган эди. Орадан 20 йил ўтиб Мадияр Данияров чемпионликни қўлга киритди. Бу эса Қорақалпоғистонда ҳам истеъдодли ёш боксчилар етишиб келаётганидан далолатдир.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири