“Депутат ва ёшлар” мавзусида учрашув ўтказилди

192

Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ёшлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг сиёсий билимларини ошириш мақсадида “Депутат ва ёшлар” мавзусида учрашув ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, партиянинг “Ёшлар қаноти” аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, депутатлар ва ёшлар мулоқотини ташкил этиш, ёшларни қонун ижодкорлиги жараёнига кенг қамраб олиш, уларнинг ташаббус ва таклифларини ўрганиш, ёшларнинг сиёсий кўникмаларини ривожлантириш, партия сафига жалб этиш ҳамда партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини тушунтиришдан иборат.

Тадбир иштирокчилари бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг ўз ташаббусларини рўёбга чиқариши учун яратилган шарт-шароитларга, шу билан бирга партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилишда партия ташкилотлари ва депутатлар томонидан ёшлар билан ишлаш йўналишида олиб борилаётган ишларга тўхталди. Партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш борасида олиб борилган чора-тадбирлар туфайли 2024 йилнинг ўзида партия сафига 6 минг 153 нафар ёш қабул қилинди. Бугунги кунда партия аъзоларининг умумий сони 60 минг 637 нафар бўлиб, шундан 25 минг 665 нафарини ёшлар ташкил этади.

Учрашувда партия сафига янги қабул қилинган ёшларга партиянинг аъзолик гувоҳномалари ва эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан партия электорати манфаатларига хизмат қиладиган масалаларни “бошланғич партия ташкилоти-депутатлик гуруҳи-сессия” тизимида муҳокама қилишни йўлга қўйиш бўйича қабул қилинган қарори мазмун-моҳияти ҳақида тушунча берилди.

Учрашув давомида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашидаги партия аъзоларининг таклифига биноан янги Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг “Ёшлар иттифоқи” бошланғич партия ташкилоти тузилди ва унинг раиси сайланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар партиянинг сайловолди дастурида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ва ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири