Европа футболи: “Манчестер Сити” қақшатқич зарба қабул қилди, Милан дербисида кучлар тенг келди

203

Мамлакатимизда футбол бўйича Европа мамлакатлари чемпионатларига қизиқиш доим юқори бўлган. Айниқса, миллий терма жамоамиз аъзолари – Элдор Шомуродов ва Абдуқодир Ҳусановнинг Италия ҳамда Англия клубларида фаолиятини давом этириши бу қизиқишларни янада ўстирди.

Жумладан, Италиянинг “Рома” клуби шарафини ҳимоя қилаётган Элдор Шомуродов мусобақанинг 23-туридан ўрин олган “Наполи”га қарши баҳсда асосий таркибда майдонга тушди.

“Олимпико” стадионида ўтган ушбу тўқнашувда кучлар тенг келди – 1:1. Элдор Шомуродов майдонда 80 дақиқа ҳаракат қилиб, ўрнини жаҳон чемпиони Дибалага бўшатиб берди. Ушбу учрашувда Элдорнинг ҳаракатлари мутахассислар томонидан 6.6 баллга баҳоланди.

Шунингдек, мазкур турда Милан шаҳри дербиси бўлиб ўтди. Унда “Милан” – “Интер” жамоалари ўзаро рақобатлашди. Учрушув 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. “Аталанта” ва “Торино” учрашуви ҳам 1:1 ҳисобида тугади.

Шу тариқа, “А” серия фаворитлари бу турда бир хил натижа қайд этиб, бор-йўғи бир очкони қўлга киритди. Ҳозирда “Наполи” 54 очко жамғарган ҳолда серияда пешқадам бўлиб турибди. “Интер” эса 51 очко билан иккинчи, “Аталанта” 47 очко тўплаб, кучли учликдан жой олди.

Ўзбек футбол ихлосмандлари учун қадрли бўлиб бораётган Англия Премьер-лигасининг 24-туридан ўрин олган баҳслар ўз ниҳоясига етди. Афсуски, ушбу турда Хосеп Гвардиола бошчилигидаги “Манчестер Сити” сафарда “Арсенал”га 5:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Миллий терма жамоамиз аъзоси ҳисобланган Абдуқодир Ҳусанов бу учрашувда захирада қолдирилди.

АПЛнинг бу турида “Манчестер Юнайтед” кутилмаганда “Кристал Пэлас”га ўз майдонида 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. “Брентфорд” ва “Тоттенхэм” учрашуви ҳам шундай ҳисобда якунланди. “Борнмут” ўз майдонида “Ливерпуль” билан баҳс олиб борди ва Муҳаммад Салоҳнинг икки голи “мерсисайдликлар”га навбатдаги 3 очкони туҳфа қилди.

Бу турда энг йирик ҳисоб “Ноттингем Форрест” ва “Брайтон” баҳсида қайд этилди. Унда мезбонлар рақиб жамоа дарвозасига жавобсиз 7 та гол урди.

Мазкур натижалардан сўнг, “Ливерпуль” 56 очко билан яққол пешқадамлигини сақлаб қолди. “Арсенал” 50, “Ноттингем Форрест” эса 47 очко билан иккинчи ҳамда учинчи ўринларда қолди.

Гарчи, ўзбек футболчилари ўйнамаётган бўлса-да, Испания Ла- Лигасини кузатувчи ўзбек мухлислари талайгина. Айниқса, “Барселона” ва “Реал” жамоалари иштирокидаги учрашувлар ишқибозлари кўплаб топилади.

Ла-Лиганинг 22-туридан ўрин олган “Барселона” — “Алавес” баҳси 1:0 ҳисобида якунланди. “Реал” эса Каталониянинг иккинчи жамоаси “Эспаньол” меҳмони бўлди ва 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Мадриднинг иккинчи клуби бўлган “Атлетико” бу турда “Мальорка”ни 2:0 ҳисобида енгди.

Бу турда мағлубият аламини тотган бўлса-да, “қироллик клуби” 49 очко билан жадвалда карвонбошилик қилмоқда. “Атлетико” 48 очко билан иккинчи ўринни янада мустаҳкамлаб олди. “Барселона” бу галги ғалабадан сўнг, “Реал” билан ўртадаги фарқни 4 тага етказиб олди.

Германия Бундеслигаси пешқадами “Бавария” 20-турда “Хольштайн” клубини ўз майдонида 4:3 ҳисобида мағлубиятга учратди ва 52 очко билан биринчи ўрнини янада мустаҳкамлади.

“Байер Леверкузен” эса “Хоффенхайм” устидан 3:1 ҳисобида зафар қучди. Бу ғалаба эвазига амалдаги чемпион 45 очко билан иккинчи ўрин соҳиби сифатида кейинги турга йўл олди. “Айнтрахт Фр” ва “Вольфсбург” жамоалари учрашуви 1:1 ҳисобида якунланди. Натижада “Айнтрахт Фр” очколарини 38 тага етказиб олган ҳолда учинчи ўринга жойлашди.

Ўтган ҳафта якунида Франция чемпионатида 20-тур ўйинлари ўтказилди. Унда мусобақа пешқадами “ПСЖ” сафарда “Брест”ни 2:5 ҳисобида енгди ва очколарини 50 тага етказди. “Марсель” эса “Лион”ни 3:2 ҳисобида таслим қилди ҳамда 40 очко билан иккинчи поғонада қолди. “Монако” эса “Осер” устидан 4:2 ҳисобида ғалабага эришди. Ҳозирда “Монако” 37 очко билан кучли учликда бормоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА