AҚШда ҳалокатга учраган самолётнинг қора қутилари топилди

152

AҚШ Миллий Транспорт хавфсизлиги кенгаши (NTSB) Вашингтон яқинида вертолёт билан тўқнашиб, дарёга қулаган йўловчи самолёти парвозига доир маълумотларни ёзиб олган “қора қутилар” топилгани ҳақида хабар берди.

“USA Today” маълум қилишича, Потомак дарёсида қидирув олиб борган экипажлар фожиа юз берган лаҳзалардаги ҳолатларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этадиган овоз ёзиш қурилмаси ва бошқа маълумотларни қайд этиш мосламасини топди.

Қора қутилар синов учун лабораторияга олиб кетилганини билдирган NTSB вакили Питер Кнудсонинг сўзларига кўра, самолёт саҳнида бошқа ёзув аппаратлари бўлмаган. Шунга қарамай, мавжуд маълумотлар ҳалокат сабабини юзага чиқариши кутиляпти.

Эслатиб ўтамиз, 29 январь куни АҚШ пойтахтининг Рональд Рейган номли халқаро аэропорти яқинида йўловчи самолёти ва ҳарбий вертолёт самода тўқнашган. “American Airlines” ҳаво кемасида 60 йўловчи ва тўрт нафар экипаж аъзоси, вертолётда эса уч киши бўлган. Потомак дарёсига қулаган учоқда омон қолганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Дарвоқе, Президент Дональд Трамп “мазкур бахтсиз ҳодисанинг олдини олиш мумкин эди” мазмунида фикр билдирган.