Трамп қўшни юртларга босимни кучайтирмоқда

288

АҚШ Президенти Дональд Трамп 1 февралдан бошлаб Канада ва Мексикадан кириб келадиган маҳсулотларга 25 фоизлик чегара солиғи, яъни ошиқча тариф қўйиш орқали зарба беришини маълум қилди. Бу ҳақда BBC ёзган.

Ушбу қарор нефть учун ҳам жорий қилинадими ёки йўқми, бунга ойдинлик киритилмаган. Айни қадам ҳужжатсиз муҳожирлар ва чегарани ноқонуний кесиб ўтувчилар оқимини тўхтатиш, шунингдек савдодаги камомадни тўлдириш мақсадини кўзлайди.

Америка раҳбари Хитой Халқ Республикаси ҳам янги солиқлар билан сийланишини истисно қилмай, ой бошидан Чин давлатига нисбатан 10 фоиз тариф амал қилишини билдирди.

Қўшма Штатлар етакчиси сайлов кампанияси даврида ХХР ишлаб чиқарган товарларга 60 фоизгача бож белгилаш билан таҳдид қилган эди, бироқ Оқ уйга қайтгач, бироз эҳтиёркорликни афзал кўриб, маъмуриятга ушбу масалани ўрганиш бўйича кўрсатма берди.

2018 йилдан бери Хитойдан АҚШга экспорт миқдори бир текис камайиб келмоқда. Бу ҳолатни иқтисодчилар қисман Трампнинг биринчи муддати даврида жорий қилиниб, орттирилган тарифлар билан боғлайди.

Айни пайтда Канада ва Мексика эҳтимолий чораларга муносиб жавоб беришини таъкидлаган. Яъни, АҚШ нефтга қўшимча солиқ солса, Трампнинг яшаш харажатини камайтириш билан боғлиқ ваъдасига путур етиши мумкин. Зеро, мамлакат энергияни қайта ишлаш заводлари орқали ўтадиган хом нефтнинг тахминан 40 фоизи четдан кириб келади ва бу миқдорнинг салмоқли қисмини Канада етказиб беради.

Мусулмон Зиё, ЎзА