Хитойда Янги йил байрами бошланди

375

Шарқ халқлари қамарий тақвимига кўра, бугун Янги йилнинг биринчи куни.

Шарқий Осиё мамлакатлари, хусусан Хитойда катта байрам сифатида нишонланадиган йил бошланиши баҳор байрами ҳисобланади.

Чин халқи тарихидаги энг қадимий, мазмунан бой ва нуфузли анъанавий бу айём бир неча минг йилдан буён нишонлаб келинади. Хитой буржи тақвимига кўра, 2025 йил рамзи – илон. Илон қўрқув ва шафқатсизлик тимсоли бўлса-да, одамлар тушкун кайфиятда эмас.

Зеро, ХХР маданиятида илон куч-қудратни англатадиган севимли аждаҳога менгзалади. Яъни, илон йилини “Кичик аждаҳо йили” деб ҳам аташади.

Анъана ва маросимларга бой “Баҳор байрами” фестивали Хитой цивилизацияси тарихи, маданий мероси ва моҳиятини уйғунлаштирган.

Одамлар эски йил билан хайрлашаётиб, бир неча кун олдинроқ Янги йилга тайёргарлик кўра бошлайди: совғалар сотиб олишади, байрам рамзини акс эттирувчи эсдалик буюмлар тайёрлашади. Уй, кўча ва майдонлар, истироҳат боғлари қизил қоғоз чироқлар билан безатилиб, эшик, деразалар қизил алвон рангга бўялади. Байрамда қип-қизил кийиниш ҳам муваффақият эшигини очади, дея ишонилади.

Бу йил ҳам баҳор айёми муносабати билан мамлакат бўйлаб байрам, тантаналар ташкил этилган. Маросимларда тарих, маданият ва фалсафа саҳна кўриниши, анъанавий мусиқа ва рақс орқали намойиш этилади. Бу йилги айём алоҳида аҳамиятга эга, чунки Хитой Янги йили YUNESKO номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгандан кейин илк бор нишонланмоқда.

Баҳор байрами 15 кун давом этади, шу кунлари тақдим этиладиган таом ўзига хос маънога эга. Одатга кўра, байрам дастурхонида бўш жой бўлмаслиги керак. Асосий таоми хитойча чучвара ҳисобланади. Бунинг сабаби шундаки, Янги йил арафасида пичоқ ишлатиб бўлмайди. Маҳаллий эътиқодга кўра, пичоқ ишлатганлар ўзлари билмаган ҳолда ўз бахтига зарар етказиши мумкин экан.

Хитойликлар байрамда бутун оила билан дастурхон атрофида тўпланишни афзал кўрадилар.

Хитой Янги йили дунёдаги энг тиғиз ички саёҳат даври ҳисобланади.

Ҳукумат таҳлилига кўра, байрам кунлари мамлакат жамоат ва хусусий транспортида қарийб 9 миллиард саёҳат рўйхатга олинади. Яъни, шу кунлари жамоат транспортига талаб кескин ортади. Байрам саёҳати даври Янги йилдан 15 кун олдин бошланади ва тахминан 40 кун давом этади.

Эътиборли жиҳати, Хитойда расмий таътил 8 кун бўлса-да, хусусий сектор деярли бир ой дам олади. Ойнинг янги йили Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатлари, жумладан Япония, Корея, Вьетнам ва Сингапурда ҳам кенг нишонланади. Байрам оқшомида анъанавий равишда Хитой марказий телевидениеси (CCTV) томонидан гала-концерт ташкил қилинади. 1983 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинаётган, таниқли санъаткорлар, хориждан таклиф этилган меҳмонлар иштирок этадиган мазкур дастур дунё бўйлаб энг кўп томошабин кўрадиган кўрсатувдир.

Гўзал Сатторова, ЎзА