Илҳом Алиев: Арманистонга нисбатан ҳудудий даъвомиз йўқ

185

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Бокунинг Арманистонга нисбатан ҳудудий даъвоси йўқлиги, лекин Ереван озарбайжонликлар учун ўз ҳудуди орқали Нахчивон Мухтор Республикасига тўсиқсиз ўтишни таъминлаши кераклигини айтди.

– Яна қайтараман, бизнинг ҳудудий даъвомиз йўқ, – деди Алиев транспорт масаласига бағишланган йиғилишда. – Бинобарин, Арманистон ҳам мажбуриятини бажариши шарт. Халқаро миқёсда ва жараён давомида икки томонлама алоқанинг бир жиҳатига доимо эътибор қаратамиз: Озарбайжондан Озарбайжонга тўсиқсиз ўтиш имконияти таъминланиши зарур. Сафар ҳеч қандай текширувсиз, қулай ва бепул амалга оширилиши лозим.

Қардош республика асосий ҳудудини Нахчивон билан боғлаш учун Арманистоннинг Сюник минтақаси орқали Зангезур транспорт йўлаги қурилишини талаб қилмоқда. Ереван эса бу ғояга қўшилмай, фақат ўз суверенитети остидаги йўлларни қўшнилар учун очиб қўйишга тайёрлигини билдирди.

2024 йил августда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Ереван ва Боку ўртасида тинчлик шартномасини имкон қадар тезроқ имзолаш, мухтор ҳудудга ўтиш-қайтишни Сюник вилояти узра йўлга қўйиш тарафдори эканини айтган.