Депутат тахиатошлик сайловчилар билан учрашди

247

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулжан Халмуратова “Найман” овул фуқаролар йиғинида тахиатошлик сайловчилар билан учрашди.

Даставвал, депутат томонидан йиғилганларга мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифалар, қонунчиликдаги янгиликлар, қабул қилинаётган қонунлар, фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти бўйича батафсил маълумот берилди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, истеъмолчиларга суюлтирилган газ баллонлари, электр энергияси, тоза ичимлик суви ва оқова сув билан таъминлаш бўйича бир қатор фикрлар билдирилиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар тингланди. Мулоқотлар давомида фуқаролар томонидан кўтарилган аксарият масалалар жойида ҳал қилинган бўлса, муддат талаб этадиган мурожаатлар депутат томонидан назоратга олинди.

– Кўп йиллардан буён тумандаги “Найман” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қиламан, – дейди Дилбар Жуматаева. – Кўчамизга қум шағал аралашмаси ётқизилган. Лекин, ишлар чала қолган. Ўнга яқин хонадон олди ёғингарчиликда лойдан ўтиб бўлмас даражага келади. Фарзандларимиз мактабга, ўзимиз ишга боришга қийналиб қоламиз.

Фуқаро муаммосини тинглагач, депутат шу ернинг ўзида тегишли ташкилот вакиллари билан гаплашди ва мурожаат ижобий ечим топди.

Депутат мазкур маҳалла ҳудудидаги оилавий поликлиникада ҳам бўлиб, муассаса фаолияти билан танишди.

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда “Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун!” деган ғоя остида кенг кўламли ислоҳотлар, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббиёт муассасаларни хавфсиз ва сифатли дори-дармонлар, тиббий буюмлар билан таъминлаш, соҳага рақамлаштиришни жорий этиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ана шундай ислоҳотларнинг ижроси юзасидан ўрганиш ишларини олиб бориш ва соҳада аниқланган муаммоларга ечим топиш мақсадида тиббиёт ходимларининг таклиф ва мурожаатлари тингланди.

Мамлакатимизда ҳар йили тиббиёт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларига қулай шароитлар яратиш масалаларига юксак эътибор қаратилиб келинмоқда. Лекин, тумандаги етти минг нафардан ошиқ аҳолига хизмат кўрсатадиган поликлиникада рентген аппарати йўқлиги ачинарли. Мазкур масалани ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотлар билан келишилди ва ижроси назоратга олинди.

Депутат маҳалладаги кам таъминланган оилалар, улар учун субсидия асосида қурилаётган ва яқинда фойдаланишга топшириш режалаштирилаётган ижтимоий объектлар билан ҳам танишди. Бу каби учрашувлар аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш имконини беради.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА