Украинага “тинчликпарвар” кучлар юбориш масаласи яширинча муҳокама қилинмоқда

224

Буюк Британия ва Франция етакчилари Россия билан зиддият бартараф этилгандан кейин Украинага қўшма “тинчликпарвар кучлар” юбориш масаласини яширинча илгари сурмоқда, деб ёзди куни кеча “Telegraph” нашри қироллик ҳукуматидаги манбаларга таяниб.

– Бош вазир Кей Стармер ва Президент Эммануэль Макрон урушни тугатиш бўйича ҳар қандай эҳтимолий келишувдан сўнг Украинага Британия ва Франция аскарларидан иборат тинчликпарвар кучлар юбориш мавзусини муҳокама қилмоқда, – дейилган мақолада. – Музокара тафсилоти ҳозирча сир сақланяпти.

Таъкидланишича, Стармер бу ташаббусга “ҳали тўлиқ қўшилмаган”, Макрон эса бу масалани аввалроқ Владимир Зеленский ва Польша Бош вазири Дональд Туск билан келишган.

Манбаларга кўра, Париж ва Лондон ўртасида юзага чиқаётган айрим муаммоларга лойиҳанинг ноаниқлиги, можаро қайтадан авж олиши хавфи мавжудлиги, шунингдек ҳарбийлар хавфсизлигига таҳдид даражаси юқорилиги сабаб бўлмоқда.

Декабрь ойида Туск Макронга Польша қўшини ўт очиш тўхтагандан кейин ҳам Украинага кирмаслигини айтган эди.

Ўтган йил Рейтер номини ошкор этмаган европалик мулозимга таяниб, уруш тугагандан кейин Украинага қўшин юбориш хусусида Европа Иттифоқида якдил фикр йўқлиги, айни масала бўйича беш-саккиз давлатдан иборат коалиция тузиш имконияти кўриб чиқилаётгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Агентлик маълумотига кўра, бу кучларнинг таянчини Франция, Германия, Италия, Польша, Буюк Британия каби минтақадаги йирик давлатлар ташкил қилиши мумкин ва бу мақсад учун 100 мингга яқин аскар керак бўлади.

Буюк Британия Бош вазири  Кей Стармер илк бор Украинага ташриф буюриши ҳам мазкур масала кейинги пайт анча жиддий тарзда кўтарилаётганига ишорами? Бу саволга ҳозирча аниқ жавоб йўқ.

Бинобарин, “Guardian” газетаси “Қироллик ҳукумати етакчиси Киевда Украина билан “Юз йиллик ҳамкорлик” шартномасини имзоламоқчи”лигига эътибор қаратган.

Стармер прибыл на Украину - РИА Новости, 16.01.2025

Аввалроқ Буюк Британия ташқи ишлар вазири Девид Лемми Лондон Киевни қўллаб-қувватлаши тўғрисидаги “юз йиллик ҳамкорлик” ҳақида гапирган эди.

– Стармер Даунинг-стритга кўчиб ўтганидан кейин Зеленский билан учрашиш учун биринчи марта Украинага борди, – деб ёзди нашр. – Лондон ва Киев мудофаа соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун “юз йиллик ҳамкорлик” тўғрисидаги битимни имзолайди. Бош вазир Киев расмийлари билан Британия қай даражада хавфсизлик кафолати тақдим этиши мумкинлиги, жумладан можаро бартараф этилгандан сўнг тинчликпарвар кучлар таркибида қироллик қўшинларини юбориш имкониятини муҳокама қилиши кутиляпти.

Эҳтимол, бундай баёнотлар зиддият барҳам топишига эришилгач, Украинага умумий “армия” юбориш масаласи яширинча муҳокама қилинаётгани хусусидаги хабарлар бежиз тарқалмаётганига ишорадир? Ахир, авваллари Буюк Британиянинг собиқ мудофаа вазирлари ҳам қўшма ҳарбий гуруҳларни Украинага юборишга чақирганди-да.

СМИ: Британия и Франция тайно обсуждают отправку "миротворцев" на Украину - РИА Новости, 16.01.2025

Масалан, 2023-2024 йиллари мамлакат ҳарбий тизимини бошқарган Грант Шаппс ва 2017-2019 йилларда Мудофаа вазири бўлган Гевин Уилямсон “Telegraph” нашрига берган интервьюсида можаро ниҳоясига етгач, Буюк Британия ўз қўшинини Украинага киритиш мажбуриятини олиши керак, дея таъкидлаган.

– Урушдан кейинги тинчликпарвар кучлар таркибида Британия қўшинлари иштирок этиши, шубҳасиз, маъқул қадам бўларди, лекин бу Украинага зарур ёрдамнинг кичик бир қисми, холос, – деганди ўшанда Шаппс.

Ўз навбатида, Москва айни масалага изоҳ бериб, қўшма кучлар киритилишини истисно этмаслиги, фақат ҳар икки томон бунга рози бўлиши шартлигини эслатган.
– Бундай масалалар музокарада муҳокама қилиниши мумкин, якдил қарорга келиш керак, – деганди декабрь ойида Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. Шу билан бирга, у Киевнинг позициясини назарда тутиб, “бу ҳақда гапиришга ҳали эрта”лигига ишончи комиллигини ҳам таъкидлаган.

С.Раҳимов,

ЎзА