Япония ва Россия 2024 йил G20 мамлакатлари орасида ташқи қарзни энг кўп қисқартира олган, Саудия Арабистони ва Ҳиндистон эса, аксинча, янада оширган давлатлар сифатида эътироф этилди. Бу маълумотни “РИА Новости” Миллий статистика хизмати ҳисоботига асосланиб ёзган.
Айни кўрсаткич ўтган йил биринчи ярмида кун чиқар юртда қарийб 7 фоиз – 4,2 триллион доллар, Россияда 5 фоиз – 301,9 миллиард долларга қисқарди. Жанубий Корея ҳам норезидентлар олдидаги мажбуриятини 2 фоиз камайтириб, 658,3 миллиард долларгача қисқартирди ва кучли учликдан жой олди. Италия бу миқдорни 0,8 фоиз сўндирди ва ҳозир мамлакат хорижий кредиторлардан 2,8 триллион доллар қарз. Мексикада бу нисбат мос равишда 0,4 фоиз ва 591,6 миллиард долларни ташкил қилди. Германия ва Индонезиянинг қарзи ҳам камайди, фақат атиги 0,1 фоиздан ҳам паст – 6,7 триллион ва 408,1 миллиард доллар.
Қолган 12 давлатнинг хорижий молиявий мажбурияти ошган. Бу борада “чемпионлик” Саудия Арабистонига тегишли. Айни пайтда Подшоҳлик ташқи қарзи 14 фоиз ўсиб, 344,8 миллиард долларга етган. Ҳиндистонда айни рақамлар +5 фоиз ва 682,3 миллиард доллар.
Ўтган йил бошидан буён Хитой ташқи қарзини 4 фоиз, яъни 2,5 триллион долларга етказган. G20 таркибида энг кам қарздор – Жанубий Африканинг мажбурияти 3,6 фоиз қимматлашиб, 163,9 миллиард долларга етди.
Бу борада дунёда етакчи ҳисобланган АҚШ “ўсиш”да давом этяпти. Америка иқтисодиёти ўтган йил ўрталарига келиб 26,9 триллион доллар манфий нисбат қайд этди. Бу йил бошига нисбатан 3,5 фоиз кўп. Канада қарзини 2,9 фоиз, яъни 3,2 триллион долларга кўтарган. Туркияда бу рақамлар ўсиши мос равишда 2,4 фоиз ва 512 миллиард долларни кўрсатмоқда.
Молиявий мажбурияти бўйича Буюк Британия дунё давлатлари орасида АҚШдан кейин иккинчи ўринда. Гарчи, ўтган йил Қиролликнинг ташқи қарзи 2,3 фоиз пасайган бўлса-да, ҳамон 10 триллион долларга яқин турибди.
Йил ўрталарида Австралия норезидентлардан 1,6 триллион доллар қарз эди, бу ҳам ўсишни англатади. Аргентина ҳукумати ўтган йил иқтисодиётда туб ислоҳотлар ўтказди. Маълумки, ислоҳотлар хоҳ сиёсий, хоҳ иқтисодий бўлсин, ўзига яраша харажат талаб қилади. Бинобарин, Аргентина ҳам ўтган йил ташқи қарзи кўпайган давлатлар сафидан жой олди. Мамлакатнинг ушбу йўналишдаги мажбурияти 2023 йил декабргача 283 миллиард доллар эди. 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 286.6 миллиард долларга етди. Бразилия ҳам мажбуриятини 732.7 миллиард доллардан 741.1 миллиард долларга кўтарди.
Франциянинг ташқи қарзи энг кам ўсиш суръатини кўрсатди – атиги 0,7 фоиз, лекин мамлакат 7,7 триллион доллар қарзи билан G20 мамлакатлари орасида учинчи ўринни эгаллади.
Маълумот учун: Ташқи қарз – давлат идоралари, Марказий банк, молия институтлари ва иқтисодиёт реал секторининг хорижий кредиторлардан мажбурияти қиймати ҳисобланади.
Ташқи қарз, дунёнинг барча минтақаларидаги каби, Марказий Осиё давлатларида ҳам мавжуд. Масалан, оммавий ахборот воситалари тарқатган сўнгги маълумотга кўра, 2024 йил 1 январь ҳолатида Қозоғистоннинг давлат қарзи 105 миллиард доллар, Қирғизистонники 6, Туркманистонники 4,5, Тожикистонники 3,6 миллиард доллар.
Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2024 йил 1 июль ҳолатида 37 миллиард доллардан ошиб, йилнинг биринчи ярмида 2,1 миллиард доллар кўпайган. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 5 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисидаги нутқида маълум қилган эди.
Марказий Осиё давлатлари стратегик ҳужжатларида давлат қарзи даражасининг максимал чегараси кўрсатилган. Хусусан, Қозоғистоннинг давлат қарзи мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 27 фоизидан кўп бўлмаслиги керак. Қирғизистон ЯИМнинг 70 фоизидан, Тожикистон ва Ўзбекистон 60 фоизидан оширмаслиги зарурлиги белгиланган.
С.Раҳимов,
ЎзА