Вашингтон Киевга янги ҳарбий ёрдам пакети ажратиши эълон қилинди. Айни миқдор 500 миллион долларни ташкил этади. Бу ҳақда Америка Қўшма Штатлари мудофаа вазири Ллойд Остин лавозимини тарк этишдан олдин охирги марта Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳи – “Рамштейн” форматидаги учрашувга раҳбарлик қилиш учун Германияга келганда баёнот берди.

– Бу галги кўмак тўпламидан ҳаво мудофааси учун кўпроқ ракета ва Украинадаги F-16 самолётларини қўллаб-қувватлашда қўшимча ҳаво-ер қурилмалари ва бошқа жиҳозлар ўрин олади, – деди Остин. – Рамштейнда биз Украинада эркин ва хавфсиз яшаш, янада адолатли, муносиб ҳаёт яратиш учун қўлимиздан келадиган барча ишни қилишга сўз бердик. Биргаликдаги ишимизни давом эттиришимиз керак. Асосий ҳақиқат шуки, Украинанинг кураши барча иттифоқчилар учун муҳим. Мазкур гуруҳни бошқариш менинг ҳаётим, фаолиятимдаги энг муҳим, шарафли вазифалардан бири бўлди.