2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида мамлакатимизда турар жой бинолари қурилишига янги талабларни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган.
Сентябрь ойига қадар кўп хонадонли турар жой биноларини лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишга топшириш жараёнида автомобиллар учун ерости тўхташ жойларини ташкил этишни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда. Давлат дастури тўғрисидаги Президент қарори лойиҳасида ерусти автотураргоҳлар ҳам қайд этилган.
Бошқа таклифлар орасида чиқинди, ёмғир ва техник сувдан фойдаланган ҳолда суғориш тизимларини ўрнатиш, санитария-техник воситалар истеъмол қиладиган сув ҳажмини 3-6 литргача чеклаш, сув сарфини камайтириш учун аэратор аралаштиргичлардан фойдаланиш кабилар ҳам бор.
Бундан ташқари, бинолар деворларини базальт асосидаги материаллар билан изоляциялаш ва уйларни ис гази сигнализатори билан жиҳозлаш режалаштирилмоқда.
2023 йилга мўлжалланган давлат дастури тўғрисидаги қарорда турар жой бинолари, ижтимоий ва савдо объектларини лойиҳалаш ва қуришда автотураргоҳлар, жумладан, кўп қаватли ва ерости тўхташ жойларини ташкил этиш мажбурий бўлиши кўзда тутилганди.
Бироқ Шаҳарсозлик кодексига ўзгартиришлар киритилмади.
Ш. Маматуропова,
ЎзА