Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирокида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди.

Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрамини ҳар йилгидек кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Ватанпарварлик ойлиги”да турли маънавий-маърифий, маданий ҳамда бадиий тадбирлар, учрашув ва мусобақалар, юрт ҳимоясига масъул бўлган инсонларнинг шарафли ва машаққатли хизмати эътироф этилмоқда.

“Фахрийлар ва ёшлар” деб номланган тадбирда мамлакатимиз Мудофаа вазирлиги тизимида кўп йиллик меҳнат ва ҳаётий тажрибага эга бўлган инсонлар айни вақтда армия сафларида хизмат қилаётган офицер, сержант ва аскарларга бугунги тинчлигимиз, осойишталигимиз биз учун энг олий неъмат эканлиги, уларни асраб-авайлаш ҳамда келажак авлодга етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини уқтиришди. Бугунги Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ҳамда халқимизни ҳар қандай хавф-хатардан ҳимоя қилишга қодир эканлиги ёрқин мисоллар билан эътироф этилди.

Айниқса, илгари мазкур ҳарбий қисмда хизмат қилиб кетган фахрий-устозларнинг фикрлари таъсирли бўлди. Зеро, сўнгги йилларда мазкур ҳарбий қисмда амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари фахрийларда катта таассуротлар уйғотди.

Суҳбат давомида ҳарбий хизматчилар кўп йиллик тажрибага эга бўлган ҳамда бугун ҳам армия ҳаёти билан ҳамнафас яшаб келаётган устозлар билан мулоқот қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Тадбир иштирокчилари юрт ҳимоячиларининг маънавий камолоти учун яратилган шароитлар билан танишди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири