Трамп Гренландияни АҚШга қўшиб олиш учун куч ишлатмайди

Сайланган Президент Дональд Трамп Гренландияни АҚШга қўшиб олиш учун дипломатик ёки иқтисодий чоралардан фойдаланишга жиддий умид қилмоқда, деб хабар тарқатди “Рейтер”агентлиги.

– Трамп  дунёдаги энг катта орол  устидан назорат ўрнатиш учун ҳарбий кучга таянмаса керак. – деган ишончли манба нашрга. – Шунга қарамай, у бошқа чоралардан фойдаланишни режалаштирмоқда, яъни Данияга дипломатик ёки иқтисодий босим ўтказиши мумкин.

Лос-Анжелесда Ҳолливуд машҳурларининг уйлари култепага айланди

Лос-Анжелесда юз берган ўрмон ёнғини тафти Ҳолливуд тепаликларигача етиб келди. “Page Six” ёзишича, бир неча таниқли актёрларнинг хонадони ёниб битган. Нашр куйган иморатлар суратини ҳам чоп этган.

– Адам Броди ва Лейтон Мистернинг 6,5 миллион долларлик ҳашаматли мулки олов олди, – дейилган хабарда. – Ёнғин туфайли яна бир юлдуз Анна Фэрис ҳам қимматбаҳо ҳовлисидан ажралди. Пасифик-Палисейдс туманида виқор билан қад ростлаб турган Энтони Хопкинснинг уйи ҳам култепага айланди.

Майлз Теллер, Южин Леви, Билли Кристал, Жон Гудмен ҳам бошпанасини йўқотган. Жуда кўп машҳурлар хавфсиз жойга кўчирилган.

Туркия Сурияда трансчегаравий ҳарбий амалиёт бошлашга шай

Туркия ҳарбий кучлари Сурияда “Курдистон ишчи партияси” ва шу гуруҳга алоқадор  жангарилар қуролини ташламаса, уларга қарши трансчегаравий амалиёт ўтказишга тайёр, дея баёнот тарқатди мамлакат Мудофаа вазирлиги “TRT Haber” давлат телеканали орқали.

– Туркия Суриянинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади, аммо террорчи гуруҳлар қуролини ташламаса, трансчегаравий амалиёт ўтказади, – деган тегишли манба.

Арманистон ҳукумати ЕИга қўшилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади

Арманистон ҳукумати парламент кўриб чиқаётган, ғарбга қайишган кучлар томонидан республиканинг Европа Иттифоқига  қўшилиши жараёнини бошлаш бўйича илгари сурилган қонунчилик ташаббусини қўллаб-қувватлади.

– Ҳукумат таклифи белгиланган тартибда Миллий мажлисга тақдим этилсин, – дейилган қарорда.

ТИВ раҳбари Арарат Мирзоян таъкидлашича, кейинги йилларда ЕИ билан муносабат мунтазам ва жадал ривожланди. Ўз навбатида тузилма кузатувчиларини жўнатиб, хавфсизлик соҳасида Ереванни қўллаб-қувватлади. ЕИ Арманистоннинг иқтисодий ривожланишида ёрдам беришга тайёрлигини ҳам билдирмоқда.

Нельсон Манделанинг набираси машина ўғирлаганми?

Жанубий Африка Республикаси собиқ Президенти Нельсон Манделанинг набираси автомобилни олиб қочганликда гумонланиб, ҳибсга олинди. Бу хабарни маҳаллий “SABC News” телеканали полиция маълумотига таяниб тарқатган.

Ўғирланган машина Манделанинг Йоханнесбург шаҳридаги уйи ёнидан топилган. Ҳодиса бўйича тўрт эркак ва бир аёл ушланган. Улар рўйхатга олинмаган ўқ отар қурол сақлашда ҳам айбланмоқда.

Нельсон Мандела (1918-2013) Африка миллий конгресси етакчиларидан бири сифатида ирқчиликка қарши фаол курашган таниқли шахс ҳисобланади.

Келлог: Трамп Украина масаласида Путинга ён босмайди

АҚШнинг сайланган Президенти Дональд Трамп Киев билан можарони ҳал қилишда Россия етакчиси Владимир Путинга ён беришни режалаштирмаяпти, деди Республикачилар маъмуриятининг Украина бўйича махсус вакили Кейт Келлог “Fox News” телеканали орқали.

Унинг таъкидлашича, Трамп Путинга ҳам, русларга ҳам ҳеч нарса бермоқчи эмас. У ҳақиқатан Украинанинг суверенитети сақлаб қолинишини хоҳлайди.

Бўлажак мулозим бу урушни инаугурация маросимидан кейин 100 кун ичида тўхтатиш мақсад қилинганини билдирди.

Ҳиндистонда дарғазаб фил одамларга ташланди

Ҳиндистонда ғазабланган фил яқинидаги одамларга ҳужум қилди. Ҳодиса пайти камида 17 киши жароҳат олган. “Воқеа Керала штатидаги Малаппурам туманида, ҳар йили нишонланадиган диний байрам чоғи содир бўлди”, дейилган NDTV тарқатган хабарда.

Таъкидланишича, якшанба куни кечқурун диний маросимда иштирок этаётган беш филнинг бири безовталаниб, оломонга ташланиб қолган. Воқеа жойида олинган видео тасвирда жонивор бир кишини хартумида кўтариб, ҳавода айлантираётгани акс этган. Жабрланувчининг аҳволи оғир.

Туркияда эркак йўловчига йўл кўрсата олмагани учун оёғидан ўқ еди

Sabah” газетаси ёзишича, Туркиянинг Бурса шаҳрида яшовчи 53 ёшли Э.О. кафе ёнида турганда, ёнига нотаниш киши келиб, бир уйнинг манзилини сўраган. Э.О. эса билмаслигини айтган. “Нега билмайсан?” – дея, жаҳли чиққан йўловчи бечоранинг оёғига қарата ўқ узган.

Яраланган эркакка шу жойнинг ўзида биринчи ёрдам кўрсатилиб, кейин касалхонага олиб боришган.

Полиция ўқ узган шахсни қидирмоқда, дейилади хабарда.

С.Раҳимов, ЎзА