Маҳалла институтининг ўрни тобора ортмоқда

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳамда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”га белгиланган режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда уюшманинг шаҳар ва туман бўлимлари бошлиқлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.
Тадбирда бошқарма бошлиғи С.Турманов маҳалланинг халқ билан давлат ўртасидаги “кўприк” вазифасини амалга оширувчи мустақил ва халқчил тузилмага айланишига кўмаклашиш, маҳалла еттилигининг ишини самарали ташкил этиш борасида йил давомида амалга оширилган ишлар ҳақида маъруза қилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкил этилиб, маҳаллаларни бошқаришда мутлақо янгича тизим – “Маҳалла еттилиги” фаолияти йўлга қўйилди.
Бугунда бутун халқимиз “Маҳалла еттилиги”нинг аҳоли ҳаётидаги ўрни ва нуфузини чуқур ҳис этмоқда. Нега деганда, юқоридаги фармон ва қарорда бошқарма ва (Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ҳамда солиқ инспекторидан иборат) “Маҳалла еттилиги”нинг аҳоли билан яқин ҳамкорликда ишлашдаги асосий вазифалари белгилаб берилди. Уларга хос меҳнат шароитлари яратилди.
Масалан, 2024 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 36 та маҳалла биноси янгидан қурилиб, 4 та маҳалла биноси жорий ва 3 та маҳалла биноси капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Шу ўринда Нукус туманидаги Деҳқон арна маҳалласида амалга оширилган кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишларини алоҳида таъкидлаш ўринли. Эътиборлиси, бугунги кунда барча маҳалла бинолари юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган бўлиб, барча маҳалла раислари 452 дона планшет, шу жумладан, 274 та маҳалла компютер жамламаси, 234 таси эса мебель жиҳозлари билан таъминланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 августдаги “2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, бугунги кунда 452 та маҳалланинг барчасига Маҳалланинг ягона платформаси – “Рақамли маҳалла” тизими жорий этилди.
Маҳаллаларни ободонлаштиришда Президентимизнинг 2023 йил 13 июлдаги “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўтган давр мобайнида мазкур қарор асосида ажратилган 226 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 452 та маҳалла доирасидаги 2 минг 372 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилган бўлса, 2024 йилда Элликқалъа туманидаги Ифтихор, Чимбой туманидаги Пашенттау, Қонликўл туманидаги Бескўпир ва Хўжайли туманидаги Мустақиллик маҳаллаларида қўшимча 6 миллиард сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, 2024 йилги “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг маҳаллаларда мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, фуқароларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаол иштирокини оширишда катта аҳамият касб этганини таъкидлаш ўринлидир. Республика маҳаллалари доирасида 173 миллиард сўмдан зиёд маблағни ташкил этадиган 166 та лойиҳа жами овоз бериш йўли билан ютиб олиниб, айни пайтда маҳаллалардаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари изчиллик билан якунига етмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йилнинг баҳор ва куз мавсумида 2 миллион 300 минг тупдан зиёд манзарали ва мевали кўчат экилди.
Жорий “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчатлар экиш ишларига алоҳида эътибор қаратиш, маҳалла еттилиги ва кўча бошлари иштирокида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида экологик маданиятни тарғиб қилиш ишларининг таъсирчанлигини кучайтириш, 34 та маҳалла биносини янгидан қуриб, 1 та маҳалла биносини капитал таъмирлаш, 17 та бўлимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида уларнинг ҳар бирига 50 миллион сўмдан қўшимча жами 850 миллион сўм маблағ ажратиш, 45 та маҳаллада қўшимча равишда маҳалла сервис компанияларини ташкил этиш, маҳалла еттилигининг иш самарадорлигини ошириш, жумладан, маҳалла бюджетига келиб тушган маблағларни аҳоли фаровонлиги йўлида мақсадли сарф этилишини таъминлаш каби асосий йўналишларда иш олиб бориш режалаштирилган.
Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА