Қатар пойтахти Доҳада оғир атлетика бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида давом этаётган Осиё чемпионати ўзига хос натижалари билан спорт ихлосмандларининг эътиборини қозонмоқда.

Бир кун муқаддам ўтган баҳсларда 89 килограмм вазн тоифасининг силтаб кўтариш дастурида ҳамюртимиз 17 ёшли Бекзод Ғофуржонов 194 килограмм тошни бўйсундириб, ўсмирлар ўртасида жаҳон рекордини янгилагани эътироф этилди.

Кеча ўтган мусобақаларда эса яна икки спортчимиз муносиб кўрсаткичларни қайд этиб, дунё оғир атлетикасида Ўзбекистон спортчиларининг муносиб ўрни борлигини яна бир карра исботлади.

Ўсмирлар ўртасида -96 килограмм вазн тоифасининг “А” гуруҳ беллашувларида қатнашган терма жамоамиз аъзоси Руслан Раҳматжонов даст кўтаришда 151 кг тошни бўйсундирган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди. Ёш полвонимиз силтаб кўтаришда 180 кг ва икки кураш якунига кўра, 331 кг натижа қайд этиб, 2 та кумуш медални ўз ҳисобига ёздириб қўйди.

-109 кг вазн тоифасида “А” гуруҳ баҳсларида ватанимиз шарафини Қудратбек Салимжонов ҳимоя қилди. Руслан Нуриддиновнинг муносиб издоши сифатида кўрилаётган спортчимиз даст кўтаришда 168 кг билан кумуш ва иккикураш якунига кўра, 358 кг натижа билан бронза медалини қўлга киритди.

Бугун, 25 декабрь куни жаҳон чемпионатининг сўнгги кунида терма жамоамиз аъзоларидан Омадилло Олимов -102 килограмм вазн тоифасининг “А” гуруҳ баҳсларида иштирок этади.

Ортда қолган баҳслар сарҳисобига кўра, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ҳисобида ҳозирча 7 та олтин, 7 та кумуш, 2 та бронза медали мавжуд бўлса, мамлакатимиз ёшлар терма жамоаси аъзолари 7 та олтин, 10 та кумуш ва 5 та бронза медалига эгалик қилиб турибди.

Юртимиз ёш оғир атлетикачилари якунланиб бораётган қитъа чемпионатида умумий ҳисобда 14 та олтин, 17 та кумуш, 7 та бронза медали билан иштирокчи давлатлар орасида умумжамоада кучлилар қаторида экани эътиборли.

Т.Рўзиев,

ЎзА