Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташи ва мамлакат хавфсизлигини таъминлашга оид масалалар юзасидан Мудофаа вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, 2024 йилнинг ўтган даврида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати тўғрисида мудофаа вазирининг ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича белгилаб берилган вазифаларнинг сўзсиз ва сифатли ижросини таъминлаш мақсадида Мудофаа вазирлигида самарали ишлар олиб борилган. Натижада жанговар салоҳият юқори даражага кўтарилган.

Миллий армиянинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини оширишда асосан замонавий қуролли тўқнашувлар таҳлиллари ҳамда ривожланган хорижий армияларнинг ижобий тажрибалари қўшинларга татбиқ этилган.

Натижада ўтган йилга нисбатан жанговар шайлик тадбирлари 1,5 баробарга кўпайиб, қўмондонлик таркибининг касбий тайёргарлигини оширишга эришилган.

Қўшинларда тезкор тайёргарлик тадбирлари ҳамкорликдаги куч тузилмаларини кенг жалб қилган ҳолда ташкил этилган. АҚШ, Ҳиндистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон армиялари билан ҳамкорликда ўқувлар ўтказилган.

Ўқувларда асосий эътибор замонавий жангларда янги қўлланилаётган учувчисиз учиш аппаратларини қўллашга, уларга қарши курашиш ва бошқарув маҳоратини оширишга, стратегик, оператив ва оператив-тактик бўғинларда бўлинмалар томонидан янги тактик ҳаракатлар ўзлаштирилишига қаратилган.

2024 йилда жанговар мутахассислик бўйича Озарбайжон, Қозоғистон ва Туркманистондан ташриф буюрган ҳарбий хизматчилар ўқитилган.

Мудофаа вазирлиги “Автоматлаштирилган ахборот тизими ва маълумотлар базаси” ахборот тизимининг “Чақирув” тизимости дастури барча мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимларига татбиқ қилиниб, электрон маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган.

Ички ишлар вазирлигининг “Манзил”, Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Хорижга чиқиш паспорти”, “Ёшлар баланси” ҳамда “Электрон ҳукумат” платформалари интеграция қилиниб, ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларга оид маълумотлар электрон базаси яратилган.

Натижада мудофаа ишлари органларининг фуқароларга ҳарбий рўйхатга киритиш ва ундан чиқариш фаол давлат хизматларини кўрсатиш имконияти яратилди. Уларга оид маълумотларни тақдим қилиш билан боғлиқ масалаларда бюрократизм ва бошқа тўсиқларга барҳам берилган.

Мажлисда муҳокама қилинган масалалар юзасидан қўмитанинг аниқ таклифлари акс этган қарори қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА