Ичимлик суви таъминоти яхшиланди

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида республикада кўплаб объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида Тўрткўл тумани “Кўна Тўрткўл” ҳудудидаги сув иншоотини ҳамда ичимлик суви тармоғини таъмирлаш белгиланган эди.  Ушбу иншоотда 3,7 миллиард сўм маблағ асосида қурилиш ишлари якунига етказилди ва ҳудудда ичимлик суви таъминоти яхшиланди.

Марказда таъмирлаш ишлари олиб борилди  

Берунийдаги туманлараро Перинатал марказида 7 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилди.

Натижада марказда 100 нафарга яқин туғиш ёшидаги аёлга, шунингдек, оналар ва болалар учун барча қулай шароитлар яратилди. Шу асосда, Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманлари фуқароларига хизмат қилувчи яна бир иншоот фойдаланишга топширилди.

Энг намунали кўча бошлари  

Чимбойда “Энг намунали кўча бошлари” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари 2023 йилда Қорақалпоғистонга ташрифида маҳалла еттилиги билан учрашиб, Қорақалпоқ халқининг миллий қадриятлари асосида шаклланган кўча бошларини маҳалла еттилигига мадад бўлишдек хизматларини алоҳида таъкидлаган эди.

Тадбирда “Энг намунали кўча бошлари” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ғолиб бўлган “Қоракўл” маҳалла фуқаролар йиғинидан A.Сарибоев 20 миллион сўм, туман босқичида ғолиб бўлган “Темир-йўл гузари” маҳалла фуқаролар йиғинидан A.Жаримбетов, “Бердақ” маҳалла фуқаролар йиғинидан A.Aллахов беш миллион сўм, шунингдек,  фаол иштирок этган ўн тўққиз нафар кўча боши бир миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди.

Мурожаат ижобий ҳал этилди  

Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Г.Aбдиуалиева Aдлия вазирлигига “ишонч телефони” орқали мурожаат қилиб, 2004 йил 31 декабрда туғилган фарзандига шу кунгача туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома олмаганлигини, бу эса ўз навбатида қатор муаммоларни келтириб чиқараётганлигини билдирган.

Муаммо ўрганилганида мурожаат эгаси шу кунгача шахсни тасдиқловчи ҳужжат олмасдан келганлиги сабабли фарзандининг ҳужжатларини расмийлаштира олмаган. Адлия вазирлигининг амалий ёрдамида мурожаат эгасига фуқаролик паспорти, 20 ёшли қизига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири.