Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 декабрдаги қарори билан “2025–2027 йилларда давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш стратегияси” тасдиқланди.
Ушбу стратегия давлат харидлари жараёнларини экологик барқарор ва кенг рақобатга асосланган ҳолда такомиллаштириш ҳамда “яшил” харидларнинг улушини оширишни мақсад қилган. Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик зарарларни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.
Қарорда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни, айниқса, аёллар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланадиган кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу берилган. Давлат харидлари жараёнининг барча босқичларида рақамлаштиришни жорий этиш ва электрон харидларнинг улушини ошириш вазифалари ҳам назарда тутилган.
Шунингдек, харид жараёнларини доимий мониторинг қилиш ва самарали назорат ўрнатиш мақсадида ягона бошқарув тизимини яратиш вазифаси ҳам белгиланди. Стратегияни амалга ошириш учун 2025-2027 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА