«Sustainable Fitch» компанияси “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг ESG Entity Rating баҳосини “2” (яхши) даражасида тасдиқлади ва умумий баҳосини 65 дан 72 га оширганини эълон қилди.

Жамият ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу рейтинг гидроэнергия ишлаб чиқариш орқали иқлим ўзгаришини юмшатишга қўшилган катта ҳисса, шунингдек, компаниянинг бошқарув тузилмаси ва 2023 йилда ижтимоий кўрсаткичларда кузатилган яхшиланишларни акс эттиради.

Шунингдек, 7 баллик ушбу ўсиш “Ўзбекгидроэнерго”ни Марказий Осиёдаги энг юқори ESG баҳосига эга компанияга айлантирди.

Компаниянинг қайта тикланувчи энергия қувватларини кенгайтириш бўйича амалга ошираётган ишлари БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (SDG) 7.2 бандига (қайта тикланувчи энергия улушини ошириш) катта ҳисса қўшмоқда.

«Sustainable Fitch»нинг ESG рейтинглари экологик, ижтимоий ва бошқарув самарадорлигини баҳолаш учун глобал ечимларни таклиф қилади. Бу рейтинглар компания, платформа ва инструмент даражасидаги экологик ва ижтимоий мезонларни бизнес стратегияси ва бошқарувга интеграция қилиш даражасини ифодалайди.

ESG рейтинглари “1” дан “5” гача бўлган шкала бўйича баҳоланади, бу ерда “1” энг яхши натижа, “5” эса энг ёмон кўрсаткич ҳисобланади.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖга берилган юқори баҳолар унинг минтақадаги барқарор ва самарали компания сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА