Олий Мажлис Сенати томонидан маҳаллий кенгашлар фаолиятини ривожлантириш, маҳаллий ижро ва вакиллик ҳокимиятининг бўлиниши принципи асосида конституциявий нормаларни жорий этиш ҳамда соҳадаги ислоҳотларни ўзида акс эттирган ўқув-семинарлари ўтказиб келинмоқда.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган навбатдаги ўқув-семинарида халқ депутатлари Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳамда ушбу ҳудудларнинг туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари иштирок этди.
Сенати Раиси Т.Норбоева Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ва бу борада вакиллик органларининг ролига тўхталиб ўтди.
Маҳаллий кенгашлар ва депутатлар фаолиятини такомиллаштириш, кенгашлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг назорат-таҳлил ишларини кучайтириш ҳамда бунда аҳоли, кенг жамоатчилик вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари имкониятларидан кенг фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинарда маҳаллий бюджетни, ҳудудларни ривожлантириш дастурларини шакллантириш ва ижроси устидан самарали назоратни амалга ошириш, шунингдек, ижро ҳокимияти раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини тинглаш учун самарали механизмларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, ҳудудий ва халқаро ҳамкорликдаги дастурлар ижроси юзасидан таъсирчан депутатлик назоратини кучайтириш, кенгаш фаолиятига ёшларни кенг жалб қилиш, уларнинг кенгаш қарорларини қабул қилишдаги иштирокини кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Семинарда Сенат қўмиталари ва маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, депутатлар ва сайловчилар ўртасида самарали мулоқот ўрнатиш ҳамда уларнинг фаолиятини рақамлаштириш масалаларига урғу берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА