Қатар пойтахти Доҳада оғир атлетика бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида давом этаётган Осиё чемпионатининг навбатдаги куни Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учун кутилганидек омадли кечди.
Қитъа чемпионатининг ортда қолган кунида 9 нафар ёш оғир атлетикачиларимиз баҳсларда иштирок этган бўлса, уларнинг 8 нафари совринли ўринларни эгаллади. Спортчиларимиз умумий ҳисобда 19 та медални қўлга киритди. Шундан 11 таси олтин, 6 таси кумуш, 2 таси бронза медалларидир.
Терма жамоамиз аъзоларидан Беҳрузбек Ганжабоев ва Бобурмирзо Ёқубов ўсмирлар ўртасидаги, Абдулазиз Алимжонов ёшлар ўртасидаги мусобақаларда 73 килодаги баҳсларда ўз омадларини синовдан ўтказди.
Супачада давом этган ўзига хос рақобатлар натижасида Бобурмирзо Ёқубов даст кўтаришда 136 кило билан бронза, икки курашда 300 кг. натижасига кўра кумуш медалларга сазовор бўлган бўлса, Беҳрузбек Ганжабоев даст кўтаришдаги 136 кило тошни бўйсундириб, кумуш медалли бўлди.
Ёшлар орасидаги курашларда ўзига хос чиқишлари билан ажралиб турган Абдулазиз Алимжонов даст кўтаришда 144 кг. (кумуш), силтаб кўтаришда 185 (олтин), икки курашда 329 кг. (олтин) кўрсаткични қайд этган ҳолда терма жамоамиз ҳисобига қимматли совринларни қўшиб қўйди.
Чемпионатнинг -81 килограмм вазн тоифасида баҳс олиб борган умидли спортчимиз Ҳасанбой Бардиев даст кўтаришда 156 кг., силтаб кўтаришда 187 кг. ва икки курашда 343 кг. натижа қайд этиб, ўз вазнида мутлақ чемпионликни тантана қилгани эътиборли бўлди.
Ўсмир ўғил болалар ўртасида -89 кг. вазн тоифасида “А” гуруҳ баҳсларида супачага кўтарилган икки нафар вакилимиз олтин ва кумуш медалларни делегациямиз ҳисобига қўшиб қўйди. Бекзод Ғофуржонов даст кўтаришда 154 кг., силтаб кўтаришда 194 кг. ва умумий 348 кг. натижа билан учта олтин медалга эга чиққан бўлса, ушбу вазнда Нодирбек Жўраев даст кўтаришда 139 кг., силтаб кўтаришда 175 кг. ва умумий 314 кг. натижа билан учта кумуш медалга сазовор бўлди.
Аёллар ўртасида -76 кг. вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Гулшодахон Дадамирзаева силтаб кўтаришда 91 кг., даст кўтаришда 118 кг. ва икки курашда 209 кг. натижа билан бронза медалига эга чиқди.
Аёллар ўртасида -81 кг. вазн тоифаси “А” гуруҳ беллашувларида кечган баҳсларда ҳамюртимиз Нигора Сувонова даст кўтариш дастурида 93 кг., силтаб кўтаришда 121 кг. ва умумий 214 кг. натижа билан ўз вазнида олтин медалларга эга чиқиб, Осиёнинг тенгсиз ёш спортчи қизи эканлигини исботлади.
Бугун Осиё чемпионатининг навбатдаги кунида мамлакатимиз оғир атлетикачиларидан Руслан Раҳматжонов -96 килода, Қудратбек Салимжонов 109 килограмм вазнда медаллар учун курашга киришади.
Эслатиб ўтамиз, 20 та мамлакатнинг маҳоратли ёш оғир атлетикачилари қатнашаётган чемпионат 25 декабрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА