Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида жойлашган Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби залида дзюдо бўйича ўтказилган мамлакат биринчилиги якунланди.
Мазкур чемпионатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган 2005-2006 йилларда таваллуд топган дзюдочилар жами 14 та вазн тоифасида рақобатлашди. Мусобақанинг сўнгги кунида қизлар ўртасида -78, +78 кг, ўғил болалар орасида -90, -100 ва +100 кг вазн тоифаларида беллашувлар ташкил этилди.
Ушбу баҳсларда Мухлиса Турдиева (Қашқадарё), Юлиянна Шубуладзе (Тошкент шаҳри), Алишер Саманов (Самарқанд), Муҳаммадали Зойиров (Тошкент шаҳри) ва Фазлиддин Рафиқов (Тошкент шаҳри) ўз вазн тоифаларида барча рақибларини енгиб, мамлакат чемпионига айланди.
Уч кун давом этган Ўзбекистон чемпионати якунига кўра, Тошкент шаҳри жамоаси 5 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза, жами 10 та медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Хоразм вилояти 3 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медали билан иккинчи поғонадан жой олди.
Кучли учликка 2 тадан олтин ва кумуш, 4 та бронза медалини қўлга киритган Самарқанд вилояти дзюдочилари якун ясаб берди. Медаллар сони бўйича хоразмлик дзюдочилар (12 та медаль) пешқадам бўлди.
Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, чемпионатда 14 та ҳудудий жамоалардан 10 таси камида битта бронза медали билан уйга қайтди. Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилояти терма жамоалари сафида ҳам бир нафардан Ўзбекистон чемпиони бор.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА