АҚШ янги ҳукуматининг Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятни 24 соат ичида ҳал қилиши ҳақидаги баёноти ҳақиқатга қанчалик яқин?

Сайланган Президент Дональд Трамп ва РФ етакчиси Владимир Путиннинг эҳтимолий музокараси чоғида тез орада келишувга эришиш ва Украинанинг НАТОга аъзолигини узоқ муддатга тўхтатиш диққат марказида туриши кутиляпти.

Кеча Трамп икки давлат можаросини бартараф қилиш учун Путин билан учрашмоқчилигини маълум қилди. У Украинадаги вазиятни “даҳшатли” деб атади ва “Агар Жо Байденнинг ўрнида давлат раҳбари бўлганимда, бу можаро содир бўлмасди”, дея яна бир бор таъкидлади.

Аввалроқ Россия раҳбари ҳам матбуот анжуманида Трамп билан учрашишга тайёрлиги, икки Президентнинг гаплашадиган гаплари кўплигини таъкидлаган.

Америка Президенти махсус ёрдамчиси, Миллий хавфсизлик кенгаши Европа масалалари бўйича директори Майкл Карпентер Украинанинг НАТОга қабул қилиниши истиқболи янги маъмуриятга боғлиқлиги ва бунинг имкони борлигини маълум қилди.

Путин урушни тинч йўл билан тугатишни таклиф қилиб, Москва зудлик билан ўт очишни тўхтатишининг шарти сифатида Украина қўшинлари РФнинг янги эгалланган ҳудудларидан чиқиб кетишини сўраган. Бундан ташқари Киев НАТОга аъзо бўлиш ва демилитаризация, денасификацияни амалга ошириш ниятидан воз кечиб, қўшилмасликка доир ва ядросиз мақомни қабул қилиши керак. РФ талаблари қаторида Москвага қарши қўлланган санкциялар бекор қилиниши ҳам бор.

Мусулмон Зиё, ЎзА