Жума куни ГФРнинг Магдебург шаҳрида байрам кайфиятини пучга чиқарган ҳодиса содир бўлди.

Рождество муносабати билан харидорларга тўлиб-тошган бозорда 50 ёшли эркак “ҳунар кўрсатиб”, бутун Германияни оёққа турғазди. Қора BMW билан оломон томон ҳаракатланиб, кўп оилалар қувончини қайғуга айлантирди.

Полиция суриштирув давом этаётганини билдирган, терговчилар гувоҳлардан воқеа акс этган фото ёки видео лавҳалар юборишни сўрамоқда, деб ёзди BBС.

Маҳаллий матбуотда 2006 йил Германияга келган “жиноятчи” – Толиб Ал-Абдулмуҳсин шифокор бўлиб ишлагани қайд этилган.

Бугун воқеада 45, 52, 67 ва 75 ёшли тўрт аёл ва 9 ёшли бола ҳалок бўлгани айтилди.

–  Судья қотиллик, суиқасд қилиш ва хавфли тан жароҳати етказиш айби билан терговга қадар қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди, – дейилган хабарда.

ГФР Канцлери Олаф Шольц  ҳодисани «даҳшатли фожиа» дея таърифлади. Аввалроқ Саксония-Анхальт штати Бош вазири Райнер Хаселофф дастлабки тергов натижасига таяниб, ҳужумчи ёлғиз ҳаракатланганини тахмин қилган эди.

Прокурор Хорст Вальтер Нопенс жиноятнинг эҳтимолий сабабларидан бири «ҳукуматнинг саудиялик қочқинларга муносабатидан норозилик бўлиши мумкин»лиги билан боғлиқ фаразни илгари сурди.

Мусулмон Зиё, ЎзА