“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Нуралиевнинг маълум қилишича, эндиликда электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик далолатномалари электрон шаклда расмийлаштирилади.

Унга кўра, ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 13 февралдаги “Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий қилинган “E-dalolatnoma” тизими доирасида амалга оширилади.

Фахриддин Нуралиев таъкидлаганидек, мазкур тизим 2025 йилнинг 1 январидан ишга туширилади. “E-dalolatnoma” тизими истеъмолчилар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларни фақат электрон шаклда расмийлаштириш имконини яратади.

Бу эса энергетика тизимидаги коррупциявий ҳолатларни йўқ қилиш, далолатномаларни тезкор шакллантириш ҳамда қоғоз ҳужжатлар айланмасини қисқартириш имкониятини беради. Шунингдек, назорат жараёнлари янада самарали ташкил этилишига замин яратади. Тизимнинг жорий қилиниши истеъмолчилар ва назорат идоралари ўртасидаги муносабатларни шаффофлаштиришда муҳим қадам ҳисобланади.

Таъкидлаш керакки, ушбу янгича тартиб электр энергияси соҳасида қонунийликни таъминлаш ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. “E-dalolatnoma” тизими ҳужжатларнинг электрон шаклда расмийлаштириш жараёнларини тезлаштиради, истеъмолчилар учун ҳам қулайлик яратади.

Шу билан бирга, тизим назорат механизмларини мустаҳкамлаб, энергетика соҳасида шаффофликни таъминлашда катта қадам бўлади.

Насиба Зиёдуллаева,

ЎзА