Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида “Баркамол авлод болалари” фестивалининг ҳисобот концерти бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирга мамлакатимизда энг самарали фаолият кўрсатаётган “Баркамол авлод” болалар мактабларининг бадиий жамоалари таклиф этилди.
Тадбир аввалида болалар ижодиёти, “Баркамол авлод” болалар марказларидаги тўгараклар фаолияти ҳақида тўлақонли маълумот берувчи кўргазма ташкил этилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова мамлакатмизда навқирон авлоднинг таълимдан ташқари бўш вақтини тўғри ва унумли, мазмунли ташкил этиш, ўғил-қизларни фан, спорт, бадиий ижодиёт тўгаракларига кенгроқ жалб этиш масаласига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Айтиш керакки, мамлакатимиздаги “Баркамол авлод” болалар мактаблари ўқув йили давомида жуда самарали фаолият кўрсатди. Ундаги тўгараклар касб-ҳунарга, санъат, бадиий ижодиёт, замонавий ахборот технологияларига оид билим ва кўникмаларини тобора мустаҳкамлаш ва бойитишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Мазкур ҳисобот концерт дастури “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолияти самарадорлигини ошириш, ўқувчи-ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида мактабдан ташқари таълим тизимида олиб борилаётган ишлар сарҳисобини ўз ичига олгани билан аҳамиятли бўлди.
Концерт дастурида болалар бадиий жамоалари томонидан ёшларга кўрсатилаётган меҳр ва эътибор, жонажон Ватанимиз, тинч ва осуда, эркин ҳаётимизни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.
Н.Усмонова, ЎзА