Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг қурилиш материаллари соҳасига қаратаётган эътибори натижасида мазкур тармоқ иқтисодиётимизнинг энг асосий «драйвер» соҳаларидан бирига айланди. Бу жараёнда хорижий инвестициялар ва кредитлар самарали ўзлаштирилди, янги саноат корхоналарининг фаолияти йўлга қўйилди.

Инновацион ёндашувлар асосида энергия тежамкор ва экологик замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш кенг кўламда йўлга қўйилди. Шунингдек, ҳудудлардаги хомашё базасидан самарали фойдаланиш орқали ишлаб чиқариш ихтисослаштирилди.

«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметовнинг қайд этишича, бугунги кунга келиб 67 турдаги қурилиш материалларига бўлган ички талаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тўлиқ таъминланди. Ҳатто айрим турдаги маҳсулотлар бўйича экспорт ҳажми оширилди. Масалан, маҳаллий саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган плиткалар, цемент, гипсокартон ва бошқа турдаги қурилиш маҳсулотлари ташқи бозорда ўз ўрнига эга бўлмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон қурилиш материаллари соҳасида импортёр давлатдан экспортёрга айланмоқда. Бу эса нафақат миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига, балки аҳоли учун янги иш ўринлари яратилишига ҳам кенг йўл очмоқда.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА