“Трансфермаркт“ портали Осиё қитъасининг энг қиммат марказий ҳимоячилари рўйхатини эълон қилди. Қувонарлиси, ушбу рўйхатдан Ўзбекистон Миллий терма жамоаси ва “Ланс“ ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ҳам ўрин олди.

Унга кўра, Жанубий Корея терма жамоаси ва “Бавария“ жамоаси ҳимоячиси Ким Мин Женинг трансфер нархи 45 миллион евро этиб баҳоланди ва Осиёнинг энг қиммат ҳимоячисига айланди. Япониялик Ҳироки Ито (“Бавария”) 30 миллион евро қийматида баҳоланиб жадвалнинг иккинчи ўрнидан жой олган бўлса, яна бир япон футболчиси Ко Итакура (“Боруссия Мёнхенгладбах”) 15 миллион евро нарх билан кучли учликни якунлади.

Ушбу рўйхатда Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер нархи 12 миллионга баҳоланиб тўртинчи поғонага қайд этилди.

Маълумот ўрнида: Абдуқодир Ҳусановнинг “Трансфермаркт“ порталидаги баҳоси яқинда 5 миллион евродан 12 миллион еврога кўтарилди ва айни вақтда 20 ёшгача бўлган футболчилар орасида Осиёнинг энг қимматбаҳо ўйинчиси бўлиб турибди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА