Россиянинг Москва шаҳрида синхрон сузиш бўйича ўтказилаётган Федерация кубоги мусобақасининг иккинчи куни ҳам спортчиларимиз учун муваффақиятли ўтди.

Жумладан, катта ёш тоифасида ташкил этилган микс дуэт баҳсларида Вячеслав Руднев ва Анна Ващенко навбатдаги кумуш медаль билан тақдирланди. Аёллар орасидаги соло беллашувларида эса А.Ващенко 154.5187 балл жамғариб, делегациямиз ҳисобига яна бир кумуш медални келтирган бўлса, Сабина Маҳмудова ўсмирлар ўртасидаги якка машқ бажаришда шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди.

Маълумот ўрнида: Нуфузли мусобақанинг иккинчи куни якунларига кўра делегациямиз ҳисобидаги медаллар 5 та кумуш ва 1 бронза, жами 6 тани ташкил этади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА