Фаластин раҳбари Маҳмуд Aббос минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун ўз мамлакати БМТнинг тўлақонли аъзоси бўлиши ва халқаро миқёсда кўпроқ тан олиниши кераклигини айтди.
Aббос Қоҳирада бўлиб ўтган “D-8” саммитида сўзлаган нутқида фаластинликлар деярли ҳар куни қирғинларга дучор бўлаётгани, ўлкада очарчилик хавфи ортаётганини таъкидлади.
Шунингдек, у Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва ҳудудга инсонпарварлик ёрдами етиб боришига ҳеч қандай тўсқинлик бўлиши керак эмаслигини айтди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2735-сонли резолюциясини зудлик билан амалга ошириш зарурлигини таъкидлаган Aббос халқаро ҳамжамиятни Ғазо сектори учун масъулиятни ўз зиммасига олишга ва Исроилнинг у ердан бутунлай чиқиб кетишини таъминлашга чақирди.
– Минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун Фаластин давлати БМТнинг тўлақонли аъзоси бўлиши ва халқаро миқёсда кўпроқ тан олиниши керак, – деди Aббос ўз маърузасида.
Г.Сатторова, ЎзА