Буюк Британия Украина Қуролли кучларини қайта тайёрлаш учун ўз аскарларини Украинага юбориши мумкин, деб ёзмоқда “Times” нашри мамлакат мудофаа вазири Жон Хили баёнотига таяниб.
Таъкидланишича, мулозим чоршанба куни Киевда ҳамкасби Рустем Умеров билан учрашган.
“Британия қўшинлари украиналик аскарларни тайёрлаш учун юборилиши мумкин, чунки қироллик ушбу зиддиятда янги етакчи вазифасини бажаришга интилмоқда”, дейилган ахборотда.
Хили Умеровга беш банддан иборат режа тақдим этганини маълум қилган. Ҳужжатда 2025 йил Буюк Британия ўқитаётган украиналик ҳарбийлар сонини кўпайтириш, янада кўпроқ янги қурол етказиш, қўшимча молиявий ёрдам кўрсатиш ва Украина мудофаа саноатини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланган.
“Франс Пресс” агентлиги Жон Хили баёнотига таяниб ёзишича, Буюк Британия Киевга 286 миллион долларлик ҳарбий ёрдам ажратишини эълон қилди. Ҳарбий юк тўплами ҳаво ва денгиз учувчисиз учоқлари ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан иборат.
Кеча Бош вазири Кей Стармер сайланган Президент Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилиб, Киевни мустаҳкам позиция билан таъминлаш зарурлигини таъкидлаган. Ушбу хабар Бирлашган Қироллик ҳукумати матбуот хизмати томонидан тарқатилди.
Чоршанба куни Украина Президенти Владимир Зеленский Франция етакчиси Эммануэль Макрон билан учрашиб, Қуролли кучларни фаранг юртида ўқитишни давом эттиришга келишиб олган. Музокарада Ғарб ҳарбийлари Украинага бориши мумкинлиги муҳокама қилинган.
Брюсселга ташрифи чоғида Зеленский НАТО раҳбари Марк Рютте билан ҳам учрашиб, Киевга кўрсатилаётган ёрдам учун Бош котибга миннатдорлик билдирган.
Марк Рютте Европанинг қатор давлатлари етакчилари билан музокара бошлашдан олдин Зеленский билан бирга ОАВга қўшма баёнот берди. Мулоқотда эҳтимолий тинчлик музокараси орқали Киевда тинчлик ўрнатиш зарурлиги таъкидланган. Тинчликка эришилгандан кейин Украинага иқтисодий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам кўтарилган.
– Украина тинчлик музокарасини бошлашга қарор қилганда мамлакатда аҳвол яхши бўлиши керак, – деган Рютте. – Шунинг учун ҳам биз ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва бошқа қурол-яроқ етказиш учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қилишимиз керак.
Ўз навбатида Россия Украинага қурол етказиб бериш келишувга халақит бераётгани, НАТО давлатлари тўғридан-тўғри зиддиятга жалб қилинаётганини айтиб, Ғарб “ўт билан ўйнашяпти” деб ҳисоблашини таъкидлаб келади. РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг сўзларига кўра, АҚШ ва НАТО можарода бевосита иштирок этмоқда, нафақат қурол-яроқ етказиб бериш, балки Буюк Британия, Германия, Италия каби мамлакатлар ёрдамида кадрлар тайёрлаш билан ҳам шуғулланяпти. Кремль таъкидлашича, Украинани Ғарб қуроллари билан тўлдириш музокара жараёнига ҳисса қўшмайди, муаммони ҳал қилишга салбий таъсир кўрсатади.
Маълумки, АҚШнинг сайланган Президенти Дональд Трамп Россия ва Украина урушига имкон қадар тезроқ барҳам беришга эриша олишини бир неча бор айтган. Унинг гапини кўпчилик умид, ишонч билан қабул қилган. Табиийки, бу ваъдага шубҳа билан қараганлар ҳам оз эмас. Украина бўйича бўлажак махсус вакил Кейт Келлог фикрича, Трамп яқин келажакда Украинадаги можарога барҳам бериш учун барча имкониятга эга.
– Сайлов кампанияси вақтида берган ваъдасини Президент Трамп албатта бажаради ва уруш ниҳоясига етади, деган у “Fox News” телеканалида ушбу мавзуни шарҳларкан.
Хуллас, дунё ҳамжамияти бир неча йилдан буён давом этаётган қуролли зиддият барҳам топишидан умидвор.
С.Раҳимов, ЎзА