Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази уй-жой кўчмас мулк бозоридаги вазиятни мунтазам таҳлил қилиб боради.

Ноябрь ойида кўчмас мулк бозори ижобий тенденцияни сақлаб қолишда давом этди. Савдолар 21,9 минг битимни ташкил этиб, октябрь ойидаги кўрсаткичдан 2,5 фоизга ошди.

Шу билан бирга, йиллик ҳисобда кўчмас мулк бозорида фаоллик 0,8 фоизга ўсди.

Ноябрь ойида ҳудудлар кесимида рўйхатга олинган кўчмас мулк битимларининг ўсиш динамикаси Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида, хусусан, Хоразм ва Бухоро вилоятларида мос равишда 15,6 фоиз ва 8,4 фоизга ижобий тенденцияларни кўрсатмоқда.

Тошкент мамлакатнинг пойтахти ва энг йирик шаҳри сифатида кўчмас мулк бозори умумий ҳажмининг 30 фоиздан ортиғини эгаллади, фаоллик даражаси эса 9,3 фоизга ошди.

Бир ой ичида республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари деярли ўзгармаган ҳолда атиги 0,3 фоизга ўсди, ўтган йилга нисбатан 6,2 фоизга ўсиш қайд этилди.

Йил давомида бозорнинг ушбу сегментида сезиларли ўсиш Сурхондарё (18,1 фоиз), Бухоро (11,9 фоиз) ва Қашқадарё (10,2 фоиз) вилоятларида қайд этилди.

Иккиламчи уй-жойларнинг энг мақбул нархи Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб қолмоқда. Бу ерда квадрат метр учун ўртача нарх 333 долларни ташкил этади.

Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи ой давомида атиги 0,2 фоизга ошиб, 1,1 минг доллардан сал кўпроқни ташкил этди.

Пойтахтнинг Бектемир, Яшнобод ва Шайхонтоҳур туманларида нархлар сезиларли даражада ошгани қайд этилди.

Умуман олганда, республика бўйича иккиламчи бозорда бир квадрат метр уй-жойнинг ўртача қиймати йил давомида 6,2 фоизга ошган бўлса, Тошкент шаҳрида шу даврда 1,5 фоиз пасайиш кузатилди.

Ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги ижара бозорида турғунлик қайд этилди. Бир квадрат метр учун ўртача ижара нархи 8,3 долларни ташкил этди. Бу жорий йилнинг июнь ойи кўрсаткичига мос келади.

Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда. Бу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10-11 долларни ташкил этади.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи ўтган йилга нисбатан 10,7 фоизга пасайди. Йил давомида нархларнинг энг катта пасайиши Учтепа, Яшнобод ва Юнусобод туманларида қайд этилди.

Ш.Маматуропова, ЎзА