“Politico” нашрининг ёзишича, бугун Брюсселда Европа етакчиларининг учрашуви бўлиб ўтади. Унга Украина президенти Владимир Зеленский таклиф этилган. Учрашувда  Украинага Европа Иттифоқи қўшинларини юбориш масаласи муҳокама қилиниши айтилмоқда.

– Европа етакчилари Зеленский ва НАТО Бош котиби Марк Рутте билан учрашишни режалаштирмоқда, улар Украинада тинчликпарвар кучларни жойлаштириш имкониятларини муҳокама қилишади, — дейилади хабарда.

Нашрнинг қайд этишича, йиғилишда Германия канцлери Олаф Шольц, Франция президенти Эммануэль Макрон, Польша президенти Анжей Дуда, Европа кенгаши раҳбари Антониу Кошта, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва НАТО бош котиби Марк Рютте иштирок этади.

Трампга ишонса бўладими?

Дональд Трамп аввалроқ, агар у Жо Байден ўрнига ўша вақтларда АҚШ президенти этиб сайланганида Украинадаги можаро ҳеч қачон бошланмаслигини айтган эди. Бироқ “Wall Street Journal” газетасининг ёзишича, Европа расмийлари Трампнинг Украина ҳақидаги режасига шубҳа билан қарайди ва унинг Украина бўйича аниқ режаси борлигига ишонмаяпти.

Европалик расмийларнинг таъкидлашича, сайловдан сўнг Трамп уларга Украинадаги можаро ҳақида саволлар бериб, бу борадаги фикрларини сўраган. Шу боис Европа расмийлари у нима қилиш кераклиги ҳақида аниқ режа тузмаган, деган фикрда.

Газета манбааларига кўра, Европа қўшинлари Украинага борса, улар тинчликпарвар ёки ўт очишни тўхтатиш режимини кузатувчи кучлар таркибига киради. Ҳарбий қўшинларнинг жойлаштирилиши NATO амалиётлари доирасида амалга оширилмайди.

Россия нима дейди?

Россия томони ЕИнинг Украинага 100 мингга яқин кишидан иборат “тинчликпарвар контингент”ни жойлаштириши режасини амалда Украинанинг босиб олинишига айланади, деб ҳисоблашини таъкидлаган.

Кремлнинг таъкидлашича, тинчликпарвар кучларни юбориш фақат можаро томонларнинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин. Россия Ташқи ишлар вазирлиги  Ғарбнинг Украинага қўшин юбориш режалари бузғунчилик ва Ғарб давлатларининг Москва билан қарама-қаршиликка янада чуқурроқ киришиш ниятидан далолат беради, деб ҳисоблашини маълум қилганди.

С.Раҳимов, ЎзА