Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 январдаги «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижроси доирасида ёшларнинг тасвирий санъатга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, уларни рассомлик санъати ҳақидаги назарий ва амалий билимлар билан кенг таништириш орқали уларнинг қалби ва онгида миллий ўзликни англаш, аждодлар меросига ҳурмат туйғуси, юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккурни камол топтириш ҳамда ёшлар ўртасида миллий ва замонавий маданиятни тарғиб қилиш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида «Ёш мусаввир» танловининг туман, шаҳар, вилоят босқичлари ўтказилди.

Ғолиблар танловнинг республика босқичида иштирок этиб, ўз иқтидорларини намойиш этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
Сирдарёда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ташаббуси билан ташкил этилган «Ёш мусаввир» танловининг республика босқичи ўтказилди. Танловда республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 16-22, 23-30 ёш тоифасидаги 28 нафар иқтидорли ёш иштирок этди.

Танлов иштирокчиларининг ижодий ишлари ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан 10 баллик баҳолаш тизими орқали баҳолаб борилди. Бунда ёш мусаввирлар томонидан яратилган ижодий ишдаги техник маҳорат (ранглар билан ишлаш, ёруғлик ва сояларни ишлаш маҳорати), композициянинг ишланиш маҳорати ва унинг тугалланганлик даражаси, ижодий ишлар бадиий ғоясининг томошабин ҳамда асар олдига қуйилган вазифаларга мослиги инобатга олинди.

Ва ниҳоят танлов ғолиблари номи маълум бўлди. 16-22 ёш тоифасида 1-ўринга сурхондарёлик Карина Худойназарова сазовор бўлган бўлса, 2 ўринга сирдарёлик Фаррухбек Мамадиёров, 3 ўринга қашқадарёлик Асал Бекмуратова муносиб деб топилди.

23-30 ёш тоифасида 1-ўринга қорақалпоғистонлик Айнур Сапекеэва, 2-ўринга самарқандлик Мухлиса Файзуллаева, 3-ўринга тошкентлик Ботиржон Исмоилов мушарраф бўлди.

Ғолибликни қўлга киритганлар танлов низомига асосан пул мукофотлари, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари