“Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро ноҳукумат ташкилоти 2024 йил ўлдирилган журналистларнинг учдан бир қисми учун Исроил масъул, деб ҳисобламоқда. Ташкилотнинг тегишли ҳужжатида сўнгги бир йил, айниқса, можаро кечаётган ҳудудларда ҳамкасбларимизга “ҳужум кўпайгани” қайд этилган.
– 2023 йил октябрь ойидан буён Исроил армияси 145 дан зиёд журналистни йўқ қилди, улардан камида 35 нафари 2024 йил касбий бурчини бажараётганида нишонга олинган, 31 нафари зиддият ҳудудида ҳалок бўлган, – дейилади ҳисоботда. – Бу рекорд кўрсаткич.
RSF қайд этишича, сўнгги йилларда Фаластин ва Ғазо сектори журналистлар учун энг хавфли ҳудудга айланган. Охирги 5 йил Ғазода дунё бўйича энг кўп журналист хизмат чоғида ҳалок бўлган.
Умуман, 2024 йил бундай ҳолат Яқин Шарқдан кейин Осиёда тез-тез кузатилган. Масалан, жорий йил Покистонда 7, Бангладешдаги норозилик намойишларида 5 нафар қалам соҳиби иш устида қурбон бўлди. Айни пайт сайёрамизда 550 журналист қамоққа ташланган. Бу миқдор аввалги йилга нисбатан 7,2 фоиз ошган. ОАВ вакилларидан 55 киши гаровда ушлаб турилибди, 95 нафари бедарак йўқолган.
Аввалроқ ЮНЕСКО Журналистларга қарши жиноятлар жазосиз қолишига барҳам бериш халқаро куни муносабати билан барча давлатларни айни ҳолатларни тугатиш бўйича мажбуриятни бажаришга чақирган эди. Тузилманинг янги ҳисоботига кўра, дунё бўйича ҳамкасбларимизга қаратилган ноқонуний ҳаракатлар жавобсизлиги даражаси ҳамон юқори: 85 фоиз. Сўнгги олти йил ичида бу рақам атиги 4 фоиз камайди.
Октябрь ойида Ғазо сектори маъмурлари Исроил ҳужуми натижасида анклавда 175 дан кўп журналист ҳалок бўлганини маълум қилди. Бу маълумотни Фаластин ҳукумати матбуот хизмати шу ҳафта яна бир бор тасдиқлади.
Қатардан эфирга узатиладиган Ал-Жазира телеканали Ғазо шимолида Исроил ҳарбийлари телеканал ходимларига қарата ўт очганда тасвирчи Фоди Ал-Воҳидий кўкрагидан ўқ егани, август ойи бошида ўз мухбирлари Исмоил Ал-Гул ва Рами Ар-Рифий ўқдан ҳалок бўлганини маълум қилди. Ўтган йил октябрида тасвирчи Самир Абу Дикка ўлдирган, мухбир Воил Ал-Даҳдуҳ оғир яраланган.
“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ҳисоботида 2023 йил дунё бўйлаб 45 журналист касбий бурчини бажараётиб, вафот этгани келтирилган. Уларнинг аксари уруш кечаётган ҳудудда эди, дейди мазкур инсон ҳуқуқлари ташкилоти.
Қайд этилишича, сўнгги 20 йил ичида бундай фожиаларнинг энг кўпи 2012-2013 йилларга тўғри келган. Яъни, бу даврда 140 дан ортиқ ОАВ ходими бевақт ўлим топган. Уларнинг асосий қисми, юқорида таъкидланганидек, Сурия ва Ироқдаги жанглар туфайли ҳалок бўлган экан.
С.Раҳимов, ЎзА