Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида оғир атлетика бўйича ўтган жаҳон чемпионатида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

70 га яқин мамлакатнинг энг кучли оғир атлетикачилари иштирок этган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг 3 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза, жами 6 та медалга эга чиққани янги олимпия даври муваффақиятли бошланганидан далолат, дейиш мумкин.

Руслан Нуриддиновнинг яна бир карра ўз истеъдодини намойиш этгани, истеъдодли ёш спортчимиз Шарофиддин Амриддиновнинг даст кўтаришда олтин медалга сазовор бўлиши, Сарварбек Зафаржоновнинг бронза, Муҳаммадқодир Тоштемировнинг бронза ва кумуш медални қўлга киритиши мамлакатимизда тажрибали спортчиларимизнинг янги, олтин авлоди етишиб келаётганини кўрсатди.

Чемпионатда Руслан Нуриддинов икки курашда 424 кг. натижа билан 3 йил аввалги дунё биринчилигида ўзи ўрнатган жаҳон рекордини янгилашга эришиб, халқаро майдондаги етакчи спортчиларга, тажрибали экспертларга «Лос-Анжелес-2028» Олимпиадасига тайёргарлик тамойилини белгилаб олишда янгича шаклда ишлаш лозимлигини англатди, назаримизда.

Кутиб олиш маросимида иштирок этган Спорт вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари, мураббий-мутахассислар шу ҳақда сўз юритишди.

Ватан шарафини халқаро спорт майдонида улуғлаган оғир атлетикачиларимизнинг елкаларига зарбоф тўнлар ташланди, гуллар совға қилинди.

Қалбларга юксак ғалаба сурурини бағишлаган беллашувлар ортда қолди. Ўз иқтидорини жаҳон чемпионатида намойиш этган оғир атлетикачиларимизнинг бу галги муваффақиятлари минг-минглаб ёшларимиз қалбида катта спорт майдонига ошуфталик ҳиссини жойлаш билан бирга юртимизда маҳоратли спортчиларни тайёрлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарали бўлаётганини яна бир карра исботлади.

Тўлқин Рўзиев, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА