“Кабар” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров мамлакат бош вазири Ақилбек Жапаровни истеъфога чиқариш ҳақидаги фармонни имзолаган.
Фармонда Конституциянинг 70-моддаси 1-қисми 4-банди, 71-моддасига мувофиқ, “Жапаров Ақилбек Усенбекович бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси раиси – Президент Маъмурияти раҳбари лавозимидан озод этилди”, дейилган. Унинг энди қайси лавозимга тайинланиши ҳозирча эълон қилинмаган.
– Қирғизистон қонунчилигига кўра, бош вазирнинг истеъфога чиқиши Вазирлар Маҳкамаси бошқа аъзоларининг ҳам истеъфога чиқишига сабаб бўлмайди.
Ақилбек Жапаров Қирғизистон ҳукуматини 2021 йилдан буён бошқариб келади. Бу вақтда республикада ЯИМнинг кучли ўсиши сақланиб қолинди ва қашшоқликнинг сезиларли даражада қисқариши қайд этилган, -дейилади хабарда.
– Ақилбек Жапаров давлат раҳбарининг яқин сафдоши сифатида ёнида қолади ҳамда халқимиз фаровонлиги йўлида фидокорона хизматини давом эттиради, –деди Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов.
Шунингдек, Қирғизистон етакчиси Садир Жапаров Вазирлар Маҳкамаси раҳбари вазифасини мамлакат бош вазирининг биринчи ўринбосари Адилбек Қосималиевга юклаганини эълон қилди.
А.Қосималиев 64 ёшда. У 2022 йил июнидан бери бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда. Бунгача у Молия вазири, Иқтисодиёт вазири ўринбосари бўлган, шунингдек Солиқ хизматини бошқарган.
С.Раҳимов, ЎзА