Бу ҳақда Президент раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилаётган йиғилишда таъкидланди.

Ногиронлиги борларга бериладиган протез ва реабилитация воситалари рўйхати 18 тадан 30 тага, маблағи эса 1,5 баробарга оширилди.

Бунинг эвазига йил бошидан 100 минг одамни эҳтиёжи таъминланди.

Энди рўйхатга яна 7 турдаги воситалар қўшилиши белгиланди.

Ижтимоий хизмат агентлигига вилоят ҳокимлари билан биргаликда 2025 йилда 80 минг муҳтож одамга зарур протез воситаларини етказиб бериш топширилди.

Яратилган имкониятлар ҳисобига бу йил тадбиркорлар 40 минг ногиронлиги борларни ишга олди.

Буни янада кенгайтириш мақсадида 1 январдан ногиронлиги бўлган ишчилар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланади. Корхоналарга сурдотаржимон, психолог ва кўзи ожизлар учун ҳамроҳлик хизмати харажати учун 50 миллион сўмгача субсидия ажратилади.

Бундай одамларни ишга жойлаган хусусий бандлик компанияларига 500 миллион сўмгача грант берилади. Бунда, ушбу компаниялар ишлаш истаги бор одамларни аниқлаб, уларни ўқитади, корхона талабига мослаштиради, иш даврини дастлабки 6 ойида ҳамроҳлик қилади.

ЎзА