Янгича форматда ўтаётган Европа чемпионлар лигасида 6-тур учрашувлари ўз якунига етди. Ушбу турда кутилганидек, Англия, Испания ва Германия клублари етакчилик қилди.
Чемпионлар лигасининг 6-туридан ўрин олган “Атлетико” – “Слован Братислава” баҳси 3:1 ҳисобида якунланди. Ўйинда Гризман дубль қайд этган бўлса, Альварес битта супер гол уришга муваффақ бўлди. Шунингдек, Д.Стрелец жамоасининг ягона голига муаллифлик қилди. “Stade Pierre-Mauroy” стадионида ўтказилган «Лилль» – «Штурм» жамоалари ўртасидаги ўйин 3:2 ҳисобида ўз ниҳоясига етди. Италиянинг “Милан” клуби ўз майдонида “Црвена Звезда”ни 2:1 ҳисобида таслим этди ва кетма-кет ушбу мусобақадаги тўртинчи ғалабасини қўлга киритди. Бунинг аҳамиятли жиҳати шундаки, «Милан» ўтган 19 йил давомида ЕЧЛ турнирида кетма-кет тўртта ўйинда ғалаба қозона олмаган.
Ушбу турнинг марказий учрашувларидан бири «Сигнал Идуна Парк» стадионида бўлиб ўтди. Унда “Боруссия Дортмунд” ва “Барселона” жамоалари ўзаро рақобатлашди. Кескин ва муросасиз ўтган мазкур ўйиннинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимга келиб, икки клуб ҳам жонланди. Натижада учрашувнинг 52-дақиқасида Рафинья “Барселона”ни олдинга олиб чиқди. Орадан 8 дақиқа ўтиб, Гирасси пенальтидан унумли фойдаланиб, ҳисобни тенглаштирди. 75-дақиқада Ферран Торрес мезбонлар дарвозасини ишғол қилган бўлса, Гирасси 78-дақиқада яна бир бор вазиятни тенглаштирди. Бироқ, 85-дақиқада Ф.Торрес ўзининг иккинчи голини нишонлади ва “Барселона”нинг 2:3 ҳисобидага ғалабасини таъминлади.
Шу тариқа, “Барселона” Чемпионлар лигасида қаторасига бешинчи ғалабасини қўлга киритди. Клуб 2020/21 йилги мавсумдан буён илк бор бу натижага эришди. Охирги марта улар 2011/12 йилги мавсумда 5 та ўйинда ғалаба қозонган ва уларнинг ҳар бирида 3 тадан кўп гол урган.
Лондоннинг “Арсенал” клуби бу турда “Монако” билан рақобатлашди. Ўйинда Сака дубл қайд этган бўлса, Ҳаверц битта голга муаллифлик қилди. Натижада 3:0 ҳисобида “Арсенал” зафар қучди. “Ювентус” эса “Манчестер Сити” устидан ўз уйида 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. “Бенфика” ва “Болонья” беллашувида ҳисоб очилмаган бўлса, “Фейеноорд” 4:2 ҳисобида “Спарта Прага”дан устун келди. “Штутгарт” эса “Янг Бойз”ни 5:1 ҳисобида доғда қолдирди.
Европа чемпионлар лигасининг 6-тур учрашувлари якунига кўра, “Ливерпуль” 18 очко жамғарган ҳолда яққол пешқадамга айланиб олди. “Барселона” эса 15 очко билан иккинчи ўринни мустаҳкамлаб олди. “Арсенал”, “Байер”, “Астон Вилла”, “Интер”, “Брест” ва “Лилль” клублари эса бир хил 13 очко тўплаган ҳолда кучли саккизталикни якунлаб берди.
“Боруссия Д”, “Бавария”, “Атлетико” ва “Милан” 12 очко жамғариб, 9-12 поғоналардан жой олган бўлса, “Аталанта” ва “Ювентус” 11 очко билан 13-15-ўринга жойлашди. “Бенфика”, “Монако”, “Спортинг”, “Фейеноорд”, “Брюгге” жамоалари эса очколар сонини 10 тага етказиб олган ҳолда 15-19-ўринларни эгаллади.
Мавсумни омадсиз ўтказаётган “Реал” ва “Селтик” 9 очко билан 20-21 ўринга жойлашди. “Манчестер Сити”, “ПСВ”, “Динамо Загреб” 8, “ПСЖ” ҳамда “Штутгарт” 7 очко билан кейинга ўринларда қайд этилди. “Шахтёр”, “Спарта Прага” 4, “Штурм”, “Жирона”, “Црвена Звезда”, “Зальцбург” 3, “Болонья” бор йўғи 2 очко билан 27-33 ўринлардан жой олди. “РБ Лейпциг” “Црвена Звезда” ҳамда “Янг Бойз” ҳамон очкосиз қуйи поғоналарда бормоқда.
ЕЧЛнинг 7-тур ўйинлари 2025 йилнинг 21-23 январь кунлари бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА