Таиландда ўтказилган бокс бўйича Осиё чемпионатининг эркаклар ўртасидаги беллашувларида Ўзбекистон терма жамоаси 8 олтин, 2 кумуш ва 1 бронза медалини қўлга киритди.
Чемпионатда дастлаб Шодиёржон Мелиқўзиев -48 кг. вазнда қозоғистонлик Санжар Ташкенбайни 4:1 ҳисобида мағуб этди ва олтин медалга сазовор бўлди. Асилбек Жалилов -51 кг. вазн тоифасида филиппинлик Марвин Табамони енгган ҳолда қитъа чемпионига айланди. Вазни -57 кг. бўлган Миразизбек Мирзахалилов қозоғистонлик Оразбек Ассилкуловга ҳеч қандай имконият қолдирмади ва терма жамоамиз ҳисобига учинчи олтин медални қўшиб қўйди.
Шунингдек, Мужибилло Турсунов, Ҳавасбек Асадуллаев, Адҳамжон Муҳиддинов, Жавоҳир Умматалиев, Тўрабек Ҳабибуллаев каби боксчиларимиз шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Ўз вазн тоифаларида финалга қадар ўтказилган беллашувларда ғалаба қозонган Шаҳзод Музаффаров ва Жасурбек Йўлдошев Осиё чемпионати кумуш медали билан тақдирланди.
Мусобақада оғир вазнли боксчимиз Жаҳонгир Зокиров бронза медалига эга чиқди.
Маълумот ўрнида: Осиё чемпионатида ғолиб бўлган боксчилар ташкилотчилар томонидан 8 минг АҚШ доллари, кумуш медаль соҳиблари 4 минг АҚШ доллар, учинчи ўриндан жой олган чарм қўлқоп усталари эса 2 минг АҚШ доллари пул мукофоти билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА