Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “Qatar Masters-2024” халқаро турнирининг кеча ўтказилган 7-тур баҳслари сарҳисобига кўра, “А” гуруҳида иштирок этаётган 15 нафар шахматчимизнинг 4 нафари ғалабага эришди, 8 нафари дуранг қайд этди, 3 нафари имкониятни бой берди.

138 нафар маҳоратли шахматчи қатнашаётган “А” гуруҳининг 7-тур ўйинларида Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда ҳиндистонлик Бхарат Субраманиямни доғда қолдириб, очколари сонини 5 тага етказиб олди. Ушбу ғалаба турнирда иккинчи рақамда таснифланган шахматчимизнинг 11-ўринга кўтарилиб олишини таъминлади.

Мазкур турда Шамсиддин Воҳидов – ҳиндистонлик Адхибан Баскаран, Абдумалик Абдусалимов – ҳиндистонлик Леон Люк Мендонка, шунингдек, Муҳиддин Мадаминов – Нодирбек Ёқуббоев ўртасидаги баҳсларда муроса йўли танланди.

Ортда қолган тур ўйинларида шахматчиларимиздан Ҳумоюн Бекмуродов, Муҳаммадали Абдураҳмонов, Асрорбек Омонов ғалабага эришди. Ҳамюртларимиздан Муҳаммадзоҳид Суяров, Саидакбар Саидалиев, Ўлмас Раҳматуллаев, Афруза Ҳамдамова дурангга эришган бўлса, Ортиқ Нигматов, Баҳром Бахриллаев ва Нилуфар Ёқуббоева рақибларига очко тақдим этди.

Бугун, 11 декабрь куни ўтадиган 8-тур ўйинларида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда ФИДЕ байроғи остида мусобақада қатнашаётган Давид Паравян билан куч синашади. Қизиқ жиҳати, 5 очкога эга ушбу шахматчи ўтган 7 та турдаги барча ўйинларни ҳиндистонлик шахматчиларга қарши ўтказган. Уларнинг 2 тасида ғалаба, 4 тасида дуранг, 1 тасида мағлубиятга учраган. Паравян 6 турда турнирда биринчи рақам остида таснифланган Аржун Эригаисига имкониятни бой берган. 7-турда ғолибликка асосий даъвогарлардан саналган Андрей Есипенко (ФИДЕ) қора доналарда Солиҳ Салим (БАА)ни мағлуб этди. Шант Саргсян (Арманистон) ва Аржун Эригаиси (Ҳиндистон) қарама-қаршилигидаги ўйин дуранг билан якунланиши ортидан Есипенко ва Саргсян 6 очко билан етакчига айланиб олди. Ҳиндистонлик Мурали Картикеян ва ҳамюрти Эригаиси 5,5 очко билан кейинги поғоналарда бормоқда.

Турнир жадвалини юқоридаги гроссмейстерлар бошқариб бораётган ҳолатда 11 нафар шахматчи 5 очко билан уларни таъқиб этмоқда. Таъқибчилар орасида 10-ўриндан жой олган Нодирбек Ёқуббоев, 11-ўринни эгаллаган Нодирбек Абдусатторов 14 ва 15-қаторларни эгаллаган Абдумалик Абдусалимов ҳамда Муҳиддин Мадаминов бор. “Qatar Masters-2024” турнирининг “Б” гуруҳидаги баҳсларда 140 нафар шахматчи дона сураётган бўлса, ўзбекистонлик шахматчилардан Самандар Шермуҳаммадов 7-турда оқ доналарда ливиялик Юсеф А. Альхассадига имкониятни бой бериши ортидан 6 очко билан 3-ўринга тушиб кетди.

Бугун ўтадиган 8-турда Шермуҳаммадов оқ доналарда хитойлик Мингрен Хонг билан кураш олиб боради. Хитойлик шахматчи айни пайтда 6,5 очко билан мусобақада 2-ўринни эгаллаб турибди.

Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 94 минг 250 АҚШ долларидан иборат “Qatar Masters-2024” турнирининг “А” гуруҳида ғолибликка эришган шахматчи 25 минг АҚШ долларига эга чиқади.

Т.Рўзиев, ЎзА