Футбол бўйича Европа чемпионлар лигасининг 6-тур учрашувлари бўлиб ўтмоқда. Биринчи кунги баҳсларда фаворит дея эътироф этилаётган жамоалар ишончли тарзда ғалаба қозонди.
Бу турда кутилганидек, мусобақа пешқадами «Ливерпуль» сафарда «Жирона»га қарши ўйинда минимал ҳисобда ғалаба қозонди. Ушбу учрашувдаги ягона гол Муҳаммад Салоҳ томонидан 63-дақиқада пенальтидан киритилди. Шу тариқа, «Ливерпуль» турнир жадвалида 18 очко тўплаган ҳолда пешқадамликни мустаҳкамлаб олди.
Жорий йилги Европа чемпионлар лигасида муваффақиятсиз иштирок этаётган Мадриднинг “Реал” жамоаси Бергамо шаҳрида мезбон жамоа “Аталанта”ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди ва муҳим 3 очкони қўлга киритди.
Мазкур ўйиннинг 10-дақиқасида “Реал” ҳужумчиси Мбаппе ҳисобни очди. Афсуски, Килиан 36-дақиқада жароҳат туфайли майдонни тарк этди. 45+2-дақиқада “Аталанта” футболчиси де Кетеларе 11 метрлик жарима тўпини аниқ бажариб, ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимнинг 56-дақиқасида Винисиус Жуниор, 59-дақиқада эса Беллингем гол уриб, ҳисобни 1:3 кўринишига олиб келди. Бироқ, 65-дақиқада Лукман ҳисобни бироз қисқартирди.
Маълумот ўрнида: Килиан Мбаппе оёғининг сон қисмида оғриқ сезган ва ҳаракатланишда муаммоларга учраган. Бугун футболчи тиббий кўрикдан ўтади ва қанча муддат сафдан чиққани маълум бўлади. Мбаппе жорий мавсумда барча турнирларда 21 та учрашувда қатнашиб, 11 та гол ва иккита ассист муаллифи бўлди.
Турнинг яна бир голларга бой ўйини “Veltins-Arena” стадионида бўлиб ўтди. Унда “Шахтёр” — “Бавария” клублари ўзаро тўқнашди ва учрашувда мухлислар жами 6 та гол гувоҳи бўлди. Ўйиннинг 5-дақиқасида мезбонлар вакили Ке́вин де Масе́до тезкор гол уриб, ҳисобни очди. Табиийки, бу ҳолат “Бавария” клубига ёқмади ва жамоа бор эътиборини ҳужумга қаратди. Натижада, 11-дақиқада Лаймер ҳисобни тенглаштирган бўлса, 45-дақиқада Мюллер гол уриб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимнинг 70-дақиқасида Олисе пенальтини аниқ бажариб, жамоасининг учинчи голига муаллифлик қилди.
Орадан 17 дақиқа ўтиб Мусиала “Шахтёр” дарвозасига тўртинчи тўпни киритди. Баҳснинг 90+3 дақиқасида Олисе яна ўз номини таблога ёздириб қўйди. Йирик 1:5 ҳисобидаги ғалаба эвазига “Бавария” очколарини 12 тага етказиб олди.
Маҳобатли “Red Bull Arena” стадионида “РБ Зальцбург” ўз мухлисларини ҳафа қилди. Бунга сабаб эса “ПСЖ” клубининг йирик 0:3 ҳисобидага ғалабаси бўлди. Париж шаҳри шарафини ҳимоя қиладиган “ПСЖ” кетма-кет икки мағлубиятдан сўнг ниҳоят 3 очкони қўлга киритди. Гонсалу Рамуш, Мендеш ва Дезире Дуэ голларга муаллифлик қилди.
Шунингдек, мусобақанинг 6-турида “Байер” – “Интер” 1:0, “РБ Лейпциг” — “Астон Вилла” 2:3, “Брюгге” — “Спортинг” 2:1, “Брест” — ПСВ 1:0, “Динамо Загреб” — “Селтик” 0:0 ҳисобидаги натижалар қайд этилди.
Бугун, 11 декабрь кунидан 12 декабрь кунига ўтар кечаси қуйидаги баҳслар бўлиб ўтади:
22:45 “Атлетико Мадрид” – “Слован Бр”;
22:45 “Лилль” – “Штурм” ;
01:00 “Ювентус” – “Манчестер Сити” ;
01:00 “Боруссия Д” – “Барселона” ;
01:00 “Бенфика” – “Болонья” ;
01:00 “Арсенал” – “Монако” ;
01:00 “Милан” – “Црвена Звезда” ;
01:00 “Фейеноорд” – “Спарта Прага” ;
01:00 “Штутгарт” – “Янг Бойз”. ;
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА