АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Россиянинг нефть экспортига қаттиқроқ санкциялар жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда, деб хабар тарқатди “Bloomberg” ахборот сайти манбаларга таяниб.
– Чеклов чоралари ҳали ишлаб чиқилиш жараёнида, бироқ Байден жамоаси Россия нефть экспортига нисбатан чекловларни жорий этиш масаласини тезроқ кўриб чиқмоқчи, -дейилади хабарда.
Ахборот манбаларининг қўшимча қилишича, Байден хусусан, АҚШда яқинда бўлиб ўтган президентлик сайловлари фонида бундай чоралар ёқилғи нархини ошириши мумкинлигидан хавотир олиб, ушбу қадамни ташлашга узоқ вақт иккиланган.
Агентлик ёзишича, Байден маъмурияти нефть нархининг тушиб кетиши ва Трамп Киевни Россия билан Украинадаги можарога барҳам бериш учун тезкор келишув тузишга “мажбурлаши” мумкинлигидан ташвишланиб, ҳозирда “кўпроқ тажовузкор ҳаракатларга” тайёр.
Хорижий нашрларда айтилишича, АҚШ санкцияларини кенгайтиришнинг бир модели нефть сотиб олувчи мамлакатлар Қўшма Штатлар томонидан “жазоланиши” мумкин. “Bloomberg” эслатишича, Европа Иттифоқи йил охиригача Россия томонидан қўлланилаётган “соя флоти”га нисбатан ҳам худди шундай чораларни жорий этишни режалаштирмоқда.
Жорий йилнинг июнь ойида ЕИ Россияга нисбатан янги 14-санкциялар пакети доирасида Россия Федерациясининг “соя флоти” га, шу жумладан 27 та кемага қарши санкциялар киритди.
Ўз навбатида, Кремль Ғарб бир неча йил аввал Россияга қўллашни бошлаган ва кучайишда давом этаётган санкция босимига мамлакат бардош беришини таъкидлаб келади.
Москванинг таъкидлашича, Ғарбда Россия Федерациясига қарши санкциялар муваффақиятсизликка учраганини тан олишга жасорат етишмаяпти. Ғарб давлатларининг ўзида ҳам Россияга қарши санкциялар самарасиз экани ҳақидаги фикрлар бир неча бор айтилган.
Россия президенти Владимир Путин аввалроқ Россияни жиловлаш ва заифлаштириш сиёсати Ғарбнинг узоқ муддатли стратегияси эканлигини ва санкциялар бутунжаҳон иқтисодиётига жиддий зарба беришини таъкидлаган эди.
С.Раҳимов, ЎзА